15:47 / 18.10.2021
6004

МСК 3 кун давомида қанча сайловчи муддатдан аввал овоз берганини маълум қилди

Фото: Kun.uz

14–17 октябрь кунлари давомида 89 798 нафар сайловчи Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида қатнашди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси хабар берди.

Сайлов участкаларида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз беришни 20 октябрга қадар давом этади. Ўзбекистондаги сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш вақтини соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар, чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ҳузурида тузилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз беришни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар амалга оширилиши белгиланган.

МСК маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги сайловчилар сони қарийб 21,2 миллион кишини ташкил қилади.

Сайлов кодексининг 57-моддасига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади.

«Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади»,дейилади қонунчиликда.

20 сентябрдан бошланган тарғибот тадбирларида 5 та партиядан президентликка номзодлар қатнашмоқда. Эртага 19 октябрь куни Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг ишончли вакиллари ўртасида теледебат ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top