16:28 / 20.10.2021
4395

“Меҳрибонлик уйлари битирувчилари бўлган талабаларга ҳар йили берилиши керак бўлган субсидиялар ажратилмаган” — сенатор

20 октябр куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова болалар уйи битирувчилари учун жорий этилган имкониятлар тўлиқ йўлга қўйилмаётгани ҳақида гапирди.

Сенаторнинг айтишича, меҳрибонлик уйларида тарбия топган ва бугунги кунда давлат томонидан берилган ётоқхоналарда яшаётган 610 нафар етим боланинг аксарияти ниҳоятда аянчли ҳолатда яшашмоқда. Шундай болалардан 35 нафари ҳақида Халқ таълими вазирлиги маълум қилган.

“Охирги йилларда 30 ёшгача бўлган меҳрибонлик уйлари битирувчилари 3700дан ортиқни ташкил қилади. Бири ишлаяпти, бири ишсиз. Булар орасида фарзандли бўлиб, болаларини меҳрибонлик уйларига топширган ҳолатлар учраяпти. Яна етимлар пайдо бўляпти. Бундай болаларга 25 ёшгача эътибор қаратиш керак деб ўйлайман”, деди сенатор.

Дилором Тошмуҳамедова олиб борилаётган ишларда йўл қўйилаётган сусткашликларга ҳам тўхталди.

“Молия вазирлиги томонидан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун уларнинг коллеж, лицей ёки ОТМда ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир марта ўқув илмий-бадиий адабиётлар, китоблар билан таъминланиши учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан БҲМнинг 5 баробари миқдорида ажратилиши керак бўлган субсидиялар ажратилмаган.

Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттираётган етим болалар учун 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб берилиши лозим бўлган стипендия тўловларини 50 фоизга оширилган ҳолда тўлаш вазифаси бажарилмаган. Уларга дарс берувчи профессор-ўқитувчиларга ҳам тўланиши лозим бўлган моддий рағбатлантириш жорий этилмаган. Бу бўйича ҳукумат қарори ишлаб чиқилмаган”, – дея қайд этди у.

Таъкидланишича, меҳрибонлик уйларидаги болаларнинг 15-17 фоизи чин етимлар, кўп қисми ота-онасидан бири бор ёки ижтимоий етимлар ҳисобланади. Уларнинг 38 фоизи – ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганларнинг фарзандлари. Сенатор шундай болаларни ҳам ўрганишлар асосида ўз ота-онасига қайтариш масаласини кўриб чиқиш лозимлигини айтди.

“Олий суд берган маълумотларга кўра, 2020 йилда бу масала бор-йўғи 40 та судда кўриб чиқилган ва 40та бола ўз ота-онасига қайтарилган. Лекин бундай суд жараёнлари жуда қийин кечиши айтилди.

38 фоиз – бу катта кўрсаткич, яъни ҳар иккита боланинг биттаси ота-онаси бу ҳуқуқдан маҳрум қилингани сабаб меҳрибонлик уйида қолмоқда. Бу болаларнинг ота-оналарини қўллаб-қувватлаб, ёрдам бериб болаларни ўз ота-онасига қайтариш йўлга қўйилишини таклиф қилардим”, – деди Сенат қўмитасининг раиси ўринбосари.

Дилором Тошмуҳамедовага кўра, ижтимоий етим (ота-онаси миграцияда ёки ногирон) болалар ҳам яқин қариндошлари қарамоғига берилиши, ногиронлиги бор етим болаларни асраб олган оилалар учун имтиёзлар яратилиши керак.

“Болалар уйларидаги 7 ёшгача бўлган болалар сонини ногиронлиги бўлган болалар ташкил этади. Уларни оилага асраб олишда имтиёзлар берилмаса, қулайликлар яратилмаса, соғлом болалар билан таққосланганда уларни асраб олиш қийин кечади”, деди у.

Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов меҳрибонлик уйларида тарбияланган талабалар учун тўланадиган қўшимча 50 фоизлик стипендиялар берила бошлангани, уларга дарс берадиган профессор-ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш эса энди йўлга қўйилишини маълум қилди.

Top