12:15 / 22.10.2021
6184

“2021 йилда таъмирланиши шарт бўлган 6568 км йўл учун 2,9 трлн сўм ўрнига 81,8 млрд сўм ажратилган” – сенатор

Сенатор Қутбиддин Бурҳоновнинг таъкидлашича, 2021 йил давомида автомобиль йўлларининг 6568 км қисмида йўл қопламасини таъмирлаш учун зарур 2,9 трлн сўм ўрнига 81,8 млрд сўм, яъни талаб этилган маблағнинг 27 фоизига тенг маблағ ажратилган. Бу эса ишлар кечикишига олиб келган.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

“Автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар етарли даражада молиялаштирилмаяпти. Бугунги кунда давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар миқдори республикадаги мавжуд 42,9 минг км узунликдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар тўлиқ ҳажмда амалга оширилишига етмайди.

Хусусан, 2020 йилда умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида ўтказилган кўрик натижаларига асосан 2021 йил давомида автомобиль йўлларининг 6568 км қисмида йўл қопламасини таъмирлаш ишлари талаб этилиши аниқланган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга мувофиқ мазкур ишларга 2,9 трлн сўм маблағ зарур бўлса-да, 2021 йилда бунинг учун 81,8 млрд сўм, яъни талаб этилган маблағнинг 27 фоизига тенг пул ажратилган. Бу таъмирлаш ўртасидаги муддатлар йилдан йилга ортишига, қўшимча сарф-харажатлар талаб этилишига сабаб бўлмоқда”, дея Қутбиддин Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси аввалроқ амалдаги қонун ҳужжатларида автомобиль йўлини жорий таъмирлаш ишлари бажарилгандан сўнг унинг хизмат қилиш муддатига нисбатан талаб белгиланмагани сабабли йўллар қисқа муддат ичида яна таъмирга муҳтож ҳолатга келиб қолаётганини айтганди.

Шунингдек, Бурҳонов йўл қурилиши соҳасида пудратчи томонидан бажарилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифатини аниқлаш бўйича синов лабораторияси айнан пудратчининг ўзи томонидан жалб қилинаётган ҳолатлар мавжуд экани, бу эса тизимда коррупциявий омилларни юзага келтираётганини танқид қилганди.

2019–2020 йиллар ва 2021 йилнинг 1-ярмида транспорт соҳасидаги корхона ва ташкилотларнинг 375 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 358 нафари ёки 95 фоизи коррупциявий жиноятлар содир этган.

Сенатнинг 20–21 октябрь кунлари бўлиб ўтган XX ялпи мажлисида автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги 149 нафар ходим жиноятга қўл ургани, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан сўнгги икки йилда 12 мингдан ортиқ қонунбузилишлар аниқланган бўлса-да, прокуратура органларига бор-йўғи 8 та материал юборилгани маълум қилинганди.

Top