Ўзбекистон | 22:01 / 05.09.2023
27921
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 7 ой давомидаги ЙТҲлар қурбонлари сони 1115 нафарни ташкил этди

Январ–июл ойларида республика бўйлаб 4772 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Статистикага кўра, уларнинг 51 фоизи ҳайдовчиларнинг айби билан рўй берган.

Фото: ЙҲХБ матбуот хизмати

2023 йилнинг дастлабки 7 ойи давомида Ўзбекистонда 4 772 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Бу маълумотни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов “Халқ сўзи” газетасидаги мақоласида келтириб ўтди.

Маълумотда айтилишича, 4 772 та ЙТҲдан 2 453 таси ёки 51,4 фоизи субъектив сабабларга кўра, яъни ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига эътибор бермаслиги оқибатида келиб чиққан.

Қарийб 4800 та ҳодисада 1 115 киши вафот этган, 4 564 киши турли тан жароҳатлари олган.

Қайд этилишича, қурбонларнинг 1 078 нафари ёки 96,7 фоизи хавфсизлик камарини тақмаган.

Сенаторнинг Тошкент шаҳар ИИБ маълумотларига таяниб ёзишича, жорий йилнинг ўтган 7 ойида пойтахтда 675 та ЙТҲ қайд этилган; уларда 71 киши ҳалок бўлиб, 787 киши турли тан жароҳатларини олган. Бахтсиз ҳодисаларнинг энг кенг тарқалган сабаби тезликни ошириш бўлган – 199 та ҳолат. Ҳайдовчилар томонидан 90 та ҳолатда светофорнинг тақиқловчи ишорасига эътибор берилмаган; маст ҳолатдаги ҳайдовчилар иштирокида 8 та ЙТҲ қайд этилган.

Аввалроқ 2023 йилнинг биринчи ярмида республика бўйича 4 мингга яқин авто-авариялар рўй бергани, уларда 873 киши ҳалок бўлиб, 3,5 мингдан ортиқ инсон жароҳатлангани маълум бўлганди. Бу маълумотни президент Шавкат Мирзиёев йиғилишлардан биридаги нутқида очиқлаганди.

Таққослаш учун, 2022 йилнинг 1-ярмида қайд этилган 355 та ЙТҲда 784 киши ҳалок бўлиб, 2775 киши жароҳат олганди. Юқорида қайд этилган 2023 йил 1-ярмидаги кўрсаткичлардан келиб чиқилса, жорий йилнинг дастлабки 6 ойида ЙТҲлар сони 11 фоизга, улардаги қурбонлар сони эса 12 фоизга ошган.

Эслатиб ўтамиз, июл ойи охирида муҳокамага чиқарилган “Ўзбекистон-2030” стратегияси лойиҳаси лойиҳасида жиддий ЙТҲлар сонини 2030 йилгача 1,5 бараварга камайтириш кўзда тутилган. 2024 йил учун эса бу кўрсаткични 10 фоизга пасайтириш мўлжал қилинган.

Мавзуга оид