Ўзбекистон | 23:14 / 23.10.2021
11972
2 дақиқада ўқилади

“Маст ҳолда автомобил бошқариш ҳолатлари ҳар куни учраяпти” — Тошкентда тунги рейд

Айни кунларда Тошкент шаҳрида “Хавфсиз пойтахт” тунги рейдлари ўтказилмоқда.

Шаҳар йўл патрул хизмати ходимларига кўра, профилактик тадбирлар давомида кўчаларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчилар томонидан содир этиладиган қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсад қилинган.

Kun.uz мухбири мазкур жараёнлардан лавҳа тайёрлаш учун Учтепа тумани Ширин кўчасида ўтказилган навбатдаги рейдда иштирок этди.

“Профилактик тадбирларнинг ҳар бир кунида айрим ҳайдовчиларда мастлик ҳолатлари, автомобилни тегишли ҳужжатларсиз бошқариш, ички ишлар идоралари ходимларини қонуний талабини бажармаслик каби қўпол қоидабузарликлар аниқланмоқда.

Автоуловларда ўткир тиғли буюмлар, психотроп моддалар топилаётган вазиятлар ҳам мавжуд. Тадбиримиз бошланганидан бери қўпол қоидабузарликлар, йўл-транспорт ҳодисалари ҳам камайганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бироқ барибир йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаётган ҳайдовчилар учрайди. Уларда аниқланган қоидабузарлик бўйича қонуний чора кўриляпти”, – дейди инспектор Аъзамжон Нозимжонов.

ЙПХ ходимига кўра, тунги вақтларда маст, автомобил ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳайдовчилар кўпроқ учрайди. Айниқса, охирги пайтларда психотроп моддалар истеъмол қилиб машина ҳайдаётган ҳайдовчилар, шунингдек, йўловчилар сони ҳам ортиб бормоқда. 

Мавзуга оид