Ўзбекистон | 07:34 / 26.10.2021
4460
2 дақиқада ўқилади

Маъмурий судларга ўз ташаббуси билан далил йиғиш мажбурияти юкланади

Президентнинг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқароларнинг маъмурий органлар билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши эслатиб ўтилган.

Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Адлия вазирлигининг қонун ҳужжатларига мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ўрни ва ролини кучайтириш ҳамда уларни фуқароларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш бўйича қуйидаги тартибларни киритиш ҳақидаги таклифлари маъқулланади:

маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” принципи асосида амалга ошириш. Бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш, ҳуқуқи бузилган фуқаролар ва юридик шахсларга эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этиш мажбуриятини юклаш;

ҳуқуқи бузилган фуқаролар ва юридик шахсларга оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланиши бўлган зарарни ундириш талабини маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш;

маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорлари маъмурий органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахслари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларга нисбатан суд жарималарини қўллаш;

оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини кенг жорий қилиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид