Жамият | 18:20 / 27.10.2021
8074
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ДНК орқали фош этилган қотиллик жинояти ҳақида маълумот берилди

1992 йилнинг 30 ноябрь куни Самарқанд Олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳудудида вояга етмаган қиз ўлдириб кетилади. Қотил ДНК экспертизаси ёрдамида фош қилинади.

Ўзбекистон ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳодир Худойбердиевнинг ёзишича, қизнинг жасади топилганда, танасида турли жароҳатлар билан бирга унинг зўрланганига доир аломатлар ҳам аниқланган. Аммо ҳеч ким ушбу жиноятга гувоҳ бўлганлар ёки қандайдир қичқириқ, ёрдам сўралган овозларни эшитмаган. Қолаверса, жиноят жойидан қотилни тутиш имконини берувчи ҳеч қандай далил топилмайди.

Муаллифнинг ёзишича, ҳарбий билим юртидаги сирли қотиллик бўйича ўша пайтда Самарқанд ҳарбий прокурори бўлиб ишлаётган (айни пайтда Республика ҳарбий прокурори) Шуҳрат Узоқов жиноят иши қўзғатиб, дастлабки тергов ҳаракатларини бошлайди.

Ўша пайтда Самарқанд Олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида таҳсил олаётган, собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидан келган курсантлар ўз юртларига қайтарилаётган эди. Бу эса қотилни топишни янада қийинлаштирарди. Дастлабки тергов ҳаракатлари натижасида билим юртининг 7 нафар курсанти — Россия, Қозоғистон, Украина, Беларусь Республикалари фуқаролари жиноят содир этишда гумон қилиниб, билим юрти ҳудудидан чиқарилмай ушлаб турилади.

Маълумки, ДНК экспертизаси орқали инсоннинг қон, сўлак ва бошқа ажратмаларини 99,9 фоиз аниқлик билан айнан кимга тегишлилигини фош этиш имкони мавжуд. Шу боис Шуҳрат Узоқов қотилни аниқлаш учун ушбу экспертизадан фойдаланишга қарор қилади. Бироқ ўша пайтда Ўзбекистонда бундай экспертиза амалиётга жорий этилмаганди.

Натижада хорижий давлат экспертиза муассасасига ДНК экспертизаси тайинланади. Жиноят иши ашёвий далиллар билан Москва шаҳридаги Суд-экспертиза бюросига юборилади. Орадан икки ой ўтгандан сўнг юборилган эксперт хулосасига кўра, марҳумада аниқланган биоматериаллар қозоғистонлик Заур Кенжебаевга тегишли экани маълум бўлади. У одам ўлдирганини тан олади. Ўзбекистон ҳарбий судининг 1993 йил 1 ноябрдаги ҳукми билан қотилга нисбатан тегишли жазо тайинланади.

Муаллифнинг ёзишича, 8 ойдан ортиқ давом этган тергов ҳаракатларидан кейин фош этилган ушбу қотиллик Ўзбекистон тарихидаги ДНК экспертизаси ёрдамида очилган биринчи жиноят иши ҳисобланади. “Маълумот учун айтиш лозимки, орадан 8 йил ўтгандан сўнггина, яъни 2000 йилда Ўзбекистонга мазкур турдаги экспертиза кириб келган”, дея таъкидлайди Баҳодир Худойбердиев. Мақола “Инсон ва қонун” газетасида чоп этилган .