12:46 / 31.10.2021
3875

Грузиянинг 20та шаҳридан 19тасида мэр сайловларида ҳукмрон партия номзодлари ғалаба қозонди

Грузиядаги ҳукмрон партия “Грузия орзуси” номзодлари 20та шаҳардан 19тасида маҳаллий сайловларнинг 2-босқичида ғалаба қозонди.

Фото: Sputnik/РИА «Новости»

Грузия пойтахти Тбилисининг амалдаги мэри, собиқ футболчи Каха Каладзе 55,6 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Мухолиф партия “Ягона миллий ҳаракат” вакили Ника Мелия эса 44,4 фоиз овоз тўплаган.

Грузиянинг қолган йирик шаҳарлари, жумладан Рустави, Поти, Кутаиси ва Батумида ҳам “Грузия орзуси” номзодлари ғалаба қозонган.

Собиқ президент Михаил Саакашвилининг “Ягона миллий ҳаракат” партияси ғалаба қозонган ягона шаҳар Цаленжиха бўлган.

Аввалроқ Грузия мухолифати маҳаллий сайловлар натижаларини тан олишдан бош тортган ва уларга қарши намойишлар ўтказишга ваъда берган.

Мухолифатдаги “Ягона миллий ҳаракат” етакчиларидан бири Давид Киркитадзенинг айтишича, партия яқин орада ҳукуматга бўйсунмаслик ва кўча намойишларини ўз ичига олувчи кураш стратегияси ҳақида маълум қилади.

Грузияда 30 октябрда маҳаллий сайловларнинг 2-босқичи бўлиб ўтди. Улар собиқ президент Михаил Саакашвили ҳибсга олинганига қарши норозиликлар давом этаётган вақтда ўтди. Сайловларнинг 1-босқичи 2 октябрда ўтганди ва уларда ҳукмрон партия 47 фоиз овоз билан 1-ўринни эгаллаганди.

Top