Жаҳон | 00:35 / 15.12.2023
7993
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Украинанинг аъзолиги бўйича музокараларни бошлашга қарор қилди

Шунингдек, Молдова ҳам аъзолик бўйича музокараларни бошлаш ҳуқуқига эга бўлди.

Фото: AP

Европа Кенгаши раҳбари Шарл Мишел Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларни бошлаш ҳақидаги қарорини эълон қилди.

Бундан ташқари, Европа Кенгаши Молдова билан ҳам аъзолик бўйича музокараларни бошлашга қарор қилди. Мишелнинг қўшимча қилишича, ЕИ Босния ва Ҳерцеговина билан ҳам музокара бошлайди, бироқ, олдин бу мамлакат аъзолик мезонларига керакли даражада мос келиши керак.

У бу қадамларни ушбу мамлакатлар халқи ва Европа қитъаси учун аниқ умид белгиси деб атади.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи саммити Грузияга иттифоққа номзод давлат мақомини беришга қарор қилди.

Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёни бир неча босқичлардан иборат:

1. Аъзолик учун ариза бериш: мамлакат Европа Иттифоқига аъзолик учун Европа Иттифоқи Кенгашига ариза беради.

2. Аризани кўриб чиқиш: Европа Комиссияси аризани кўриб чиқади ва мамлакат аъзолик мезонларига жавоб беришини аниқлайди.

3. Музокараларнинг бошланиши: Агар мамлакат мезонларга жавоб берса, Европа Иттифоқи Кенгаши аъзолик музокараларини бошлашга қарор қилади.

4. Музокаралар: аъзолик бўйича музокаралар номзод давлат ва Европа Иттифоқи ўртасида иқтисодиёт, ҳуқуқ, сиёсат ва хавфсизлик каби турли масалалар бўйича олиб борилади.

5. Аъзолик тўғрисидаги шартномани имзолаш: агар музокаралар муваффақиятли якунланган бўлса, номзод мамлакат ва Европа Иттифоқи аъзолик шартномасини имзолайди.

6. Аъзолик тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш: аъзолик тўғрисидаги шартнома Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар ва номзод мамлакат томонидан ратификация қилиниши керак.

7. Европа Иттифоқига қўшилиш: аъзолик шартномаси ратификация қилинганидан сўнг, мамлакат Европа Иттифоқининг тўлақонли аъзоси бўлади.

Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёни узоқ вақтни талаб этиши мумкин. Масалан, Туркиянинг аъзо бўлиши ҳақидаги музокаралар 2005 йилда бошланган ва ҳануз якунланмаган.

Ҳозирги вақтда Черногория, Шимолий Македония, Сербия, Туркия ва Албания Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёнидан ўтмоқда.

Мавзуга оид