Жаҳон | 18:49 / 11.11.2023
9900
2 дақиқада ўқилади

Саакашвилининг соғлиғи яхшиланди, у қамоққа қайтиши мумкин — Грузия Адлия вазирлиги

Ҳозир у «Вивамеди» клиникасида даволаняпти.

Грузиянинг собиқ президенти касалликдан фориғ бўлиб, тузалмоқда. Тез орада Михаил Саакашвили қамоқхонага қайтиб, жазони ўташи мумкин, деб ёзди «Вестник Кавказа».

Грузия Адлия вазирлиги раҳбари Рати Брегадзе сўзларига кўра, собиқ президент ўзини анча яхши ҳис қилмоқда ва тез орада шифохонада қолишидан маъно бўлмайди.

«Унинг саломатлиги яхшиланаётгани ҳақидаги хулосани тасдиқлайман. Унинг саломатлиги тезкор яхшиланганидан хурсандмиз. Шифокорларнинг тегишли қарори ва тавсияси берилгач, у жазони ижро этиш муассасасига ўтказилади», деди вазир.

Саакашвили учун махсус тузилган Омбудсман кенгаши ўтган ойда унинг аҳволи яхшиланаётгани ҳақида хулоса чиқарган. Шу билан бирга, шифокорлар собиқ президент ҳали ҳам доимий тиббий назоратга муҳтожлигини айтишмоқда.

Михаил Саакашвили кахексиядан (озиқ-овқат етишмовчилиги туфайли қаттиқ ҳолдан тойиш) азият чекмоқда. Бундан ташқари, деменция ҳақида ҳам хабар берилган эди.

Собиқ президент 2021 йил 1 октябрда ҳибсга олинган. Бироқ, у 6 ойдан камроқ вақтни қамоқда ўтказди. Қолган вақтларда у турли тиббий муассасаларда даволанди: қамоқхона шифохонасида, ҳарбий ҳоспиталда, ҳозир «Вивамеди» клиникасида.

Михаил Саакашвили 2004-2013 йилларда кетма-кет икки муддат Грузия президенти бўлган.

У парламент депутати Валерий Гелашвилига ҳужум қилгани («расмий ваколатларини оширгани») учун 6 йилга, афв этиш комиссиясини четлаб ўтиб, маҳкумларни афв этгани («мансаб ваколатларини суиистеъмол қилгани») учун 3 йилга қамалган эди. Шу билан бирга у 8,8 млн лари (2014 йил курси бўйича қарийб 5 млн доллар) миқдоридаги давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид