16:27 / 31.10.2021
8632

Имтиёзли равишда талаба бўлган ёш спортчилар касбий имтиҳонлардан ўта олмаган ҳолатлар бор — Бош прокуратура

Имтиёз асосида талабаликка тавсия этилган 1921 спортчидан 41 нафари касбий имтиҳон талабларини умуман бажаролмаган, 213 нафари максимал баллнинг 36 фоизини ҳам тўплай олмаган, 147 нафари турли баҳоналар билан синовлардан бўйин товлаган.

Фото: Kun.uz

Бош прокуратура томонидан Туризм ва спорт вазирлигида ўтказилган йиғилишда спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорларига олий таълим муассасаларига кириш имтиёзининг берилиши бўйича ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Идора матбуот хизмати хабарига кўра, ўрганиш давомида олий таълим муассасаларига кириш учун имтиёзли асосда тавсия этилган 1 921 нафар спортчи касбий (ижодий) имтиҳондан ўтказилган.

Бироқ иштирокчиларнинг 213 нафари максимал баллнинг 36 фоизини ҳам тўплай олмаган бўлса, 41 нафари ижодий имтиҳон талабларини умуман бажара олмаган. Бундай ҳолатлар асосан чим устидаги ҳоккей (19 нафар), таэквондо (21 нафар), эшкак эшиш (65 нафар) ва футбол (70 нафар) спорт турларида кузатилган.

Бундан ташқари, имтиёз асосида талаба бўлган “спортчилар”нинг 147 нафари турли баҳоналар билан (масалан, ҳозир спорт билан шуғулланмай қўйгани ва ҳоказо) имтиҳонларда иштирок этмаган.

“Миллий чемпионатда совринли ўринларни эгаллаган имтиёз соҳибларининг ўз йўналишида ижодий имтиҳондан ўта олмаганлиги ушбу мусобақалар ва уларнинг натижалари хусусида тегишли хулоса қилишга асос бўлади. Соҳада берилаётган имтиёзларнинг қонуности ҳужжатларида белгиланаётганлиги ва кўп маротаба ўзгараётгани муаммоларга олиб келмоқда.

Ўзбекистон Конституциянинг 18-моддасига асосан, имтиёзлар фақат қонун билан белгиланади. Ҳозир спорт соҳасидаги ютуқлари учун имтиёзлар 4 та қонуности ҳужжатларида белгиланиб, деярли ҳар йили имтиёзларнинг қўлланиши бўйича янгича тартиблар белгиланган. Бу борадаги хорижий давлатлар тажрибаси аксарият мамлакатларда спорт соҳаси бўйича имтиёзлар қонунларда белгиланганини кўрсатди”,–  дея Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ сўнгги уч йилда ОТМга имтиёзли равишда талаба бўлганлар сони 5 бараварга ортгани, давлат олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида имтиҳонсиз қабул қилиш ҳуқуқини берувчи мусобақалар сунъий кўпайтириб юборилгани айтилганди.

Қўшимча давлат гранти асосида имтиҳонсиз талаба бўлганларнинг халқаро мусобақалардаги натижалари йилдан йилга пасайиб борган. 2018 йилда имтиёзли равишда талабаликка қабул қилинган спортчиларнинг 44 нафари (10,5 фоизи) Осиё ва жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндори бўлган, 2021 йилда эса атиги 13 нафар спортчи (0,6 фоиз) ана шундай натижага эришган.

Top