15:30 / 02.11.2021
3362

Каан Терзиўғлу: “Ўзбекистон келажаги – рақамли иқтисодиётда”

Фото: Beeline

Бу йил VEON холдинг таркибига кирувчи Ўзбекистондаги энг йирик телеком-компаниялардан бири – Beeline ўзининг 15 йиллигини нишонламоқда. Beeline'нинг Ўзбекистондаги фаолияти, мамлакатни рақамлаштиришга сармоя киритилиши ва замонавий ёшлар учун таълимнинг аҳамияти ҳақида – VEON Group бош ижрочи директори Каан Терзиўғлу билан эксклюзив интервьюсида.

Маълумот учун – бугунги кунда компания мақсади нафақат абонентларнинг кенг қамрови ва кўрсатилаётган хизматлар ва сервис сифатини ошириш, балки Ўзбекистонда таълим соҳасига инвестицияларни кўпайтириш, шунингдек, малакали IT-мутахассисларни тайёрлашга ҳам қаратилган. Шундай қилиб, 2021 йилда иккита ижтимоий лойиҳа амалга оширилди: Beeline давлат дастурига аъзо бўлди ва Самарқанд ҳамда Жиззах мактабларини жиҳозлаш ва модернизация қилишга сармоя киритди.

- Агар қарши бўлмасангиз, шахсий саволимдан бошлайлик. Сизга мамлакатимиз ёқадими? Ўзбекистон маданияти, умуман, тараққиёти ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ўзбекистон – ноёб давлат! Аввало, исмнинг ўзи: «ўзбек» сўзи «кучли» деган маънони билдиради. Мамлакатингиз ажойиб маданиятга эга. Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам фаол ривожланиб, иқтисодиётини мустаҳкамлаб бораётганига амин бўлдим. Мен бу ерда Beeline бренди остида ишлаётганимдан фахрланаман ва биз (VEON) бу мамлакатга фойдамиз тегаётганидан хурсандмиз.

- Бу галги ташрифингиз давомида Самарқанд шаҳридаги 47-мактабнинг очилиш маросимида иштирок этдингиз, уни модернизация қилишга Beeline 900 миллион сўм сармоя киритган. Жиззахда ҳам шундай лойиҳани қўллаб-қувватлаганингиз маълум. Нимага VEON учун таълимга сармоя киритиш муҳим?

- Ўзбекистон ҳукумати, биринчи навбатда, таълим соҳасига сармоя киритаётгани таҳсинга сазовор. Охирги ташрифим давомида нафақат Самарқанд шаҳридаги 47-мактабга, Технологик академияга ҳам ташриф буюрдим, Президент мактабининг очилишида қатнашдим. Бу инвестиция лойиҳаларининг барчаси алоҳида эътирофга лойиқ. Шубҳасиз, мамлакатнинг келажакка оид аниқ қарашлари ва режалари бор. Биз ўз навбатда бу ташаббусларни фақат қўллаб-қувватлашимиз мумкин.

Ўзбекистонда ёш авлодда дастурий таъминот ҳақидаги билимларни шакллантиришда муҳим ўрин тутадиган IT-мактаблар барпо этилаётганини кўриб хурсандман. Ишончим комилки, Ўзбекистоннинг келажаги рақамли иқтисодиётга боғлиқ. Агар илгари мамлакатнинг бойлиги олтин ёки нефть захиралари билан ўлчанган бўлса, келажакда бу ресурслар аҳамияти камроқ бўлади. Маълумотлар муҳим. Маълумотларни яратадиган, бошқарадиган ва таҳлил қиладиган одамлар олдинги позицияларда бўлади. IT-мактабларида ёш авлод Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичларига қандай тайёргарлик кўраётганини кўриш қувонарлидир.

- VEON компаниясининг Ўзбекистондаги ривожланиши ва истиқболларини қандай баҳолайсиз?

- Бугунги кунга қадар Ўзбекистонга 1,6 миллиард долларга яқин сармоя киритдик. Биргина ўтган йилнинг ўзида биз алоқа инфратузилмасига 50 миллион доллар сармоя киритдик. Эндиликда 7 миллион абонентга эга Beeline мамлакатдаги етакчи уяли алоқа оператори ҳисобланади. Бироқ, бизда потенциал мижозлар, эҳтимол, икки баробар кўп.

Барча инвесторлар сингари биз ҳам барқарорликка интиламиз. Шу боис Ўзбекистон ҳукумати инновациялар ва бозорни либераллаштиришга очиқ эканидан хурсандмиз. Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари билан ҳамкорликда самарали иш олиб бориш учун яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.

- Хорижий инвесторларга мамлакатимизда бизнес очиш ва ривожлантириш учун яратилаётган шарт-шароит ва имтиёзлар ҳақида нима дея оласиз?

- Бунинг учун сўнгги 3-4 йил ичида содир бўлган ўзгаришлар кўламини баҳолаш керак. Бу ўзгаришлар жуда муҳим ва шижоатли эди. Албатта, ечими йўлида биргаликда ҳаракат қилишимиз керак бўлган масалалар бор, лекин ишончим комилки, Ўзбекистон бугунги тараққиёт суръатини сақлаб қолган ҳолда минтақада етакчи давлат сифатида мустаҳкамланиб боради.

- Бугун Beeline'ни барқарор компания деб айта оласизми?

- Албатта. Бу нафақат барқарор компания, балки доимий равишда ўсишга қаратилган. Энди бизнинг асосий мақсадимиз 4G алоқасини ҳамма учун мавжуд қилишдир. Ўйлайманки, кам сонли одамлар учун 5G дан кўра, ҳамма учун 4G яхшироқдир. Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросини тармоққа боғлаш орқали биз смартфонлар, компьютерлар, барча замонавий алоқа воситаларидан фойдаланиш имкониятини берамиз. Биз бу вазифани имкон қадар тезроқ бажариш учун инвестициялар ҳажмини оширмоқдамиз.

- Келгуси 5 йил учун қандай режаларингиз бор?

- Беш йилдан сўнг Ўзбекистондаги компаниямиз 15 миллион абонентга хизмат кўрсатишини кўришни истардим. Биз нафақат одамларни интернетга улаш устида ишлаяпмиз, балки уларга рақамли хизматлар – телевидение, мусиқа сервислари, қидирув тизимларидан тортиб сунъий интеллектга асосланган маҳсулотларгача тақдим этамиз.

Beeline билан ҳамкорликда биз молиявий хизматлар, таълим ва тиббиёт соҳаларида ҳам фаол бўлишга интиламиз. Бу ишларнинг ҳажми камида икки баробар ортади, деб башорат қиламан. Бундан ташқари, биз дастурий таъминотга сармоя киритамиз. Ёш дастурчилар нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам ўз ишланмаларини амалга оширишлари мумкин бўлади: компаниямиз Қозоғистон, Россия, Жазоирда фаолият юритади, ишлаб чиқарувчилар гуруҳи эса Тошкент шаҳрида жойлашган.

- Яқин йилларда Ўзбекистонда таълимга сармоя киритишни кўпайтиришни режалаштиряпсизми?

- Шубҳасиз. Таълим – бу энг муҳими. Ўзбекистон аҳолисининг энг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Мамлакатда ҳар йили 1 миллион янги иш ўрни яратилади ва бу ўсишни таъминлашнинг энг мақбул йўли технология соҳасида иш ўринларини яратишдир. Агар биз одамларни дастурлашга ўргатадиган мутахассисларни тайёрлай олсак, бу муаммони ҳал қилишимиз мумкин. Айтганимдек, мен яқинда Технологик академияга ташриф буюрдим ва у ерда билдимки, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар йили ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини 4000 нафар мутахассис битиради. Энди тасаввур қилинг-а, ҳар бир академия янгисини яратади!

Менимча, Ўзбекистонда йилига 100 000 дастурий таъминот муҳандисларини етиштириш имконияти мавжуд. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик, аҳоли сони энг кўп ва иқтисодий салоҳияти энг юқори давлатдир. Мен Ўзбекистоннинг келажагига ишончим комил – шунинг учун биз сизнинг гўзал мамлакатингизга қанчалар сармоя киритаётганимизни кўришингиз мумкин.

Муҳаббат Мамирова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов

Top