Ўзбекистон | 15:53 / 03.11.2021
7469
3 дақиқада ўқилади

Танқидлардан сўнг: Сардоба тошқинидан талафот кўрган фермерларнинг зарарлари тўлаб берилди

Рўй берганига бир ярим йил бўлган бир пайтда, ниҳоят Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманларидаги 121 та фермер хўжалигига етказилган зарарни қоплаш бошланди.

Фото: KUN.UZ

Жами 161 та боғдорчилик ва полиз экинлари бўйича фермерлар ва тадбиркорлар учун ажратилган 23 миллиард 700 миллион сўм маблағ Мирзаобод ва Оқолтин туманларида фермерларнинг ҳисоб рақамларига тўлиқ тушириб берилди.

Бу ҳақда Kun.uz'га маълум қилган Сирдарё вилояти ҳокимлигига кўра, Сардоба туманидаги ҳисоб-китоб ишлари жорий ҳафта якунланиши кутилмоқда.

Қайд этилишича:

  • Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги 65 та фермер хўжалиги ва тадбиркорлар учун 18 миллиард 112 миллион сўм;
  • Сардоба туманидаги 56 та субъектга 3 миллиард 260 миллион сўм;
  • Оқолтин туманидаги 40 та субъектга эса 2 миллиард 328 миллион сўм маблағ туман маҳаллий бюджетидан ажратилган.

Kun.uz билан гаплашган фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳам банк ҳисобрақамларига Сардоба тошқини натижасида етказилган зарар суммалари тушириб берилганини тасдиқлади.

Жорий йил сентябрь ойида боғдорчилик ва полиз экинлари экиш билан шуғулланувчи 100 дан ортиқ сирдарёлик фермер Kun.uz'га мурожаат қилиб, “Сардоба” тошқини тахминан 2 минг гектар майдондаги ҳосилни оқизиб, ерларни ўнглаб бўлмас ҳолга келтирганини маълум қилган. Қарийб бир ярим йилдан буён зарарлари қоплаб берилмаган фермерлар, шунингдек, солиқчилар тинмай безовта қилаётганини ҳам таъкидлаганди.

 

Орадан бир неча ҳафта ўтгач, фермерлар Сирдарё вилояти Молия бошқармаси томонидан Мирзаобод туман ҳокимлиги биносига чақирилган. Фермерлар билан суҳбатлашган вилоят молия бошқармаси бошлиғи ва бошқа масъуллар уларга баҳолаш ташкилоти хулосасидаги зарар суммасидан анча паст пул таклиф қилган.

Ҳолатга изоҳ берган Сирдарё вилояти Молия бошқармаси бошлиғи Ойбек Раҳимов баҳолаш ташкилоти чиқариб берган сумма тавсиявий характерга эга эканини, фермерларга фақат етказилган зарар суммаси қоплаб берилишини айтган. Фермерлар томонидан бой берилган фойда ва сумма бўйича бошқа ҳолатлар суд тартибида ҳал қилиниши маълум қилинган.

Масъуллар билан суҳбатдан сўнг барча фермер хўжаликлари Молия бошқармаси томонидан таклиф қилинган суммага ҳам рози эканликларини билдириб, тушунтириш хати ёзиб беришган.

Шунингдек, жорий йил 24 сентябрь куни Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган, “Сардоба” тошқинидан зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига солиқ имтиёзлари беришга доир қонун лойиҳасида ҳам бир ярим йилдан буён пулини ололмаётган сирдарёлик фермерлар тушиб қолган эди.

Молия вазирлиги масъули тошқиндан зарар кўрган бошқа фермерларга ҳам имтиёз қўллаш бўйича депутатлар таклиф киритиши мумкинлигини айтган.

Мавзуга оид