Жаҳон | 22:17 / 06.11.2021
5082
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда 40дан ортиқ инсон қўлбола спиртдан заҳарланиб вафот этди

Бихар 2016 йилда “қуруқ” штат деб расман эълон қилинган – бу ерда спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш, сотиш ва истеъмол қилиш буткул тақиқланган. Аммо штатда спиртли ичимликлар қора бозори, алкоголли маҳсулотларни яширинча ишлаб чиқариш пайдо бўлган.

Фото: Pixabay

Ҳиндистоннинг Бихар штатида 29 октябрдан буён қўлбола спирт истеъмол қилиш оқибатида вафот этганлар сони 42 нафарга етди. Economic Times нашрининг ёзишича, ўлим ҳолатлари штатнинг спиртли ичимлик сотиш тақиқланган тўртта округида қайд этилган.

Шанба куни Самастипур округида қўлбола спирт истеъмол қилган тўрт киши вафот этган. Аввалроқ Музаффарпур округида 10 киши, Гопалганж округида 13 ва Беттиах шаҳрида 15 киши ҳаётдан кўз юмган. Бундан ташқари, ушбу округларда ўттиздан ортиқ инсон кўриш қобилиятидан айрилган, деб ёзади газета.

Бихар 2016 йилда “қуруқ” штат деб расман эълон қилинган – бу ерда спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш, сотиш ва истеъмол қилиш буткул тақиқланган.

Аммо штатда спиртли ичимликлар қора бозори, алкоголли маҳсулотларни яширинча ишлаб чиқариш пайдо бўлган.

Қатор ОАВнинг танқидлари ва жамоат арбобларининг мазкур қонунни бекор қилиш ҳақидаги талабларига жавобан штатдаги ҳукмрон “Жаната дал” партияси раҳбари Лалан Сингх алкоголга қўйилган тақиқ бекор қилинмаслигини айтди.

“Бизда қотиллик қилишни тақиқловчи қонун бор, аммо ҳали ҳам бутун дунёда қотилликлар содир бўлмоқда. Худди шу сингари Бихарда спиртли ичимликлар сотишни тақиқловчи қонун сақланиб қолади”, - деди у.

Мавзуга оид