Хатоларга асосланган бизнес: бўёқни блендерда кўпиртириб, корректор ихтиро қилган котиба тарихи
Бетт Несмит Грэм ўз кашфиётини сир сақламоқчи эди. Бироқ бундан ҳамкасблари хабар топди ва котиба уларга ойига 100 донадан корректор сота бошлади.
Корректорнинг биринчи партияси котиба томонидан гаражда яратилган. Кейинчалик бу бир неча миллион долларлик савдоларга эга компанияга айланди.
Бўлажак кашфиётчи 1924 йилда Техас штатидаги Даллас шаҳри яқинида туғилган. Ҳарбий Уоррен Несмитга турмушга чиқиб, ўғил фарзандли бўлган. Турмуш ўртоғи Иккинчи жаҳон урушидан қайтгач, эр-хотин ажрашишади ва фарзанд тарбияси ёлғиз Грэмнинг зиммасига тушади.
У Texas Bank and Trust банкига котиба бўлиб ишга жойлашди. Банкда ойига 300 доллар ишлаб топарди (2021 йилда бу ойига тахминан 3000 долларга тўғри келади). Кейинчалик у масъул котиб лавозимига кўтарилади. 1950 йилда бу банк ходими эгаллаши мумкин бўлган энг юқори лавозим эди.
XX аср ўрталарида IBM электр ёзув машинкаларини сотувга чиқарганди. Бироқ клавишлар аввалги моделларга нисбатан енгил босилгани туфайли фойдаланувчилар ёзувда тез-тез хато қила бошлайди. Углерод плёнкали ленталар хатоларни тузатишни қийинлаштирарди.
Корректорнинг яратилиши ва илк савдолар
Грэм ўз хатоларини тўғрилаш усулини топишни истарди. Лавозими кўтарилгунига қадар у банк ойналарини безатиш орқали қўшимча пул ишлаб топарди. У рассомлар хатоларини ўчирмасдан, устидан чизишда давом этишини биларди. “Ана шу усулдан фойдаланишга қарор қилдим”, - дея хотирлайди у.
Грэм темпер бўёқ рецептини кутубхонадан топди. Суюқликни оқ тусга киргунига қадар блендерда аралаштириб, уни тирноқ учун лакдан қолган бўш флаконга қуяди. Иш ҳужжатларида хатоларни тузатиш учун ана шу корректордан яширинча фойдалана бошлайди. Ўз ихтиросини яширишга қанчалик ҳаракат қилмасин, тез орада ҳамкасблари бундан хабар топишди.
1957 йилга келиб, Грэм ҳамкасбларига ойига 100 флакон корректор сотарди. Талабни қондириш учун у корректор ишлаб чиқарувчи мини завод ташкил этди. Грэм ўғли ва ўғлининг дўстлари майда шиша флаконларни тўлдириб, қўлбола ёрлиқларни ёпиштиришлари учун соатига 1 доллардан тўларди. У ўз маҳсулотига Mistake Out деб ном берди.
Грэм бизнесни кенгайтириш учун маҳсулот сифатини ўзгартириш кераклигини биларди. Ўғлининг кимё фани ўқитувчиси ва бўёқлар дўкони ходими уларга Грэмнинг формуласини такомиллаштиришда ёрдам беришди. У Техасдаги улгуржи корхоналарга ўз ихтиросини намойиш этарди. Ҳеч ким маҳсулотга қизиқмасди, шунинг учун Грэм маҳсулотини бозорга олиб чиқишга қарор қилди.
Корректор рекламаси журналда эълон қилингач, тадбиркорга бутун АҚШдан 500та буюртма келиб тушди. Грэм хато қилиб, хатлардан бирига Texas Bank and Trust ўрнига ўзининг компанияси The Mistake Out Company имзосини қўйгани учун банкдан ишдан ҳайдалади.
Liquid Paper компанияси ва 1 миллион долларлик сотувлар
1958 йили Грэм маҳсулот номини Liquid Paper деб ўзгартирди ва патент олиш учун ариза берди. Корректор оммалашгач, Грэм гараждан офисга кўчиб ўтди. У маркетинг, ишлаб чиқариш ва етказиб беришларни ташкиллаштириш учун ходимларни ишга олди.
1964 йилда корректор ишлаб чиқариш ҳажми ҳафтасига 5000 флаконгача ортди. 1967 йилда эса савдо ҳажми 1 миллион долларлик кўрсаткичга етди, бу 2021 йилда тахминан 8 миллион долларга тенг.
Ўйлашимча, қандайдир ютуққа эришган ҳар бир одам қўрқув билан юзма-юз келади. Муваффақиятга эришиш учун қўрқувни енгиш кифоя. Доимий равишда қўрқув ва иккиланишларга қарши туриш ҳамда такрор ва такрор уларни енгиш керак.
Бетт Несмит Грэм
Компания ходимларнинг таълим олиши учун компенсация таклиф қиларди. Офис ҳудудида болалар хонаси, шунингдек, ногиронлар аравачасида ҳаракатланиш учун инфратузилма мавжуд эди. Грэм барча ирқдаги ходимларни ишга оларди ва аёлларни қўллаб-қувватлаш учун иккита хайрия фондини ташкил қилди.
Интервьюларидан бирида Грэм шундай деганди: “Агар одам сабрли бўлса ва ўз фикрида қатъий турса, ўз илдизини ерга қўйган ўсимлик каби ўсаётгани ва ривожланаётганини сезмай ҳам қолади. Ер остида нима бўлаётганини кўриш имконсиз, бироқ илдиз тобора чуқурроқ ўсаверади”.
Грэмнинг маҳсулоти The Tonight Show каби телекўрсатувлар прайм-таймлари, Glamour ва Fortune журналлари саҳифаларида реклама қилиниши учун катта маблағ сарфлади. 1975 йилда у ишлаб чиқаришни Далласдаги 3000 квадрат метр майдонга эга цехга жойлаштирди. Бу ерда йилига 26 миллион флакон корректор ишлаб чиқариларди.
Liquid Paper рекламаси
Рақобат ва компания савдолари
Бир неча рақобатчилар, жумладан, корректор ишлаб чиқарувчи Wite-Out компанияси Liquid Paper’ни бозордан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилди. Бироқ Грэм етакчилик позициясини сақлаб қолди. 1962 йилда у музлатилган маҳсулотлар сотувчиси Роберт Грэмга турмушга чиқди ва компания устидан қисман назоратни унга берди.
1976 йилда улар ажрашишди, Роберт корректор формуласини ўзгартириб ва рафиқасини директорлар кенгашидан чиқариб, собиқ турмуш ўртоғини фирмани бошқариш имкониятидан маҳрум этишга ҳаракат қилди. Шунга қарамай, Грэм ўз компаниясини қайтариб олди ва 49 фоиз акцияларни сақлаб қолди.
1979 йили соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли у Liquid Paper’ни 47,5 миллион долларга, 2021 йил курси бўйича 173 миллион долларга Gillette компаниясига сотди. Сотилган ҳар бир флакондан муаллифлик улушини олди. Ярим йилдан кейин 56 ёшда инсульт туфайли вафот этди.
Ўғли Майкл The Monkees поп гуруҳи иштирокчиси сифатида шуҳрат қозонди. 1990-йилларгача онасининг маҳсулотини реклама қилиб, унинг меросини асраб-авайлади. У Liquid Paper’дан даромад олишда давом этди ва бу пулларни PopClips мусиқа видео клипларини ишлаб чиқариш бўйича компанияни ишга туширишга сарфлади.
Майкл Несмит Liquid Paper’ни реклама қиляпти
Liquid Paper ҳали ҳам мавжуд ва Rubbermaid, Sharpie ва Elmer's га эгалик қилувчи Newell Brands конгломератига тегишли.