Нобель мукофоти совриндорлари орасида тиббиёт соҳаси вакиллари тобора кўпайиб бормоқда. Бу йил табиий-илмий йўналиш - физиология ва тиббиёт, физика ва кимё бўйича Нобель мукофоти биологик тадқиқотлар ва тиббиёт тажрибасида қўлланувчи кашфиётлар учун берилди.

Фото: Shutterstock

2018 йилда Нобель мукофотлари кутилмаганда амалиётга кўчди: барча кашфиётлар амалда ўз тасдиғини топди. Кимё бўйича комиссия раиси Клас Густафсон матбуот анжуманида ҳатто ўзини оқлашига тўғри келди: "Ўйлашимча, биз Альфред Нобелнинг сўзларига мурожаат қилишимиз керак, яъни у мукофотларни инсониятга энг кўп фойда келтирган кашфиётлар учун топширишни васият қилган. Шу боис сиз тиббиёт мавзусига бўлган эътибор катта эканига гувоҳ бўляпсиз".

Кимё бўйича Нобель мукофоти "эволюцияга йўналтирилган ферментлар учун" Фрэнсис Арнольдга, "пептидлар ва антижисмлар фаг-дисплейи учун" Жорж Смит ва Грегори Уинтерга топширилди. Ушбу усуллар ёрдамида саноат ва антижисмлар учун фермент-катализаторлар қўлга киритилди. Фаг-дисплей дунёдаги энг харидоргир 15 дорининг 11 тасини ишлаб чиқаришда қўлланилади.

Физика бўйича мукофот кўриш қобилиятини лазер ёрдамида тузатиш, биологларга эса алоҳида ҳужайраларни ва ҳатто биологик молекулаларни пинцетда кўчириб ўтказиш имконини берувчи “лазер-физика соҳасидаги фундаментал кашфиётлар учун” Нобель мукофоти Артур Эшкин, Жерар Мур ва Донна Стриклендга топширилди.

Биология бўйича мукофот эса ҳатто илгари бир йил давомида вафот этиши тахмин қилинган меланома билан касалланганларга ҳам даволаниш имконини берувчи саратон иммунотерапияси учун Жеймс Эллисон ва Тасуку Хондзёга берилди.

Аксарият совриндорларнинг таъкидлашича, улар дастлаб амалий вазифаларни кўзлаб эмас, илмий қизиқиш сабаб бу ишларга қўл уришган. Фундаментал тадқиқотлар учун инглиз тилида blue sky research атамаси қўлланади ва Жеймс Эллисон Нобелга қадар ўз маърузаларида бундай “мақсадсиз” тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш зарурати ҳақида кўп сўзлаган.

“Фундаментал тадқиқотларсиз биз бозорга, бизнесга ҳеч нима етказа олмаймиз. Илм-фанга пул ажратаётган одамлар шуни инобатга олишса, яхши бўлар эди”, - деган олим 2017 йилги маърузасида. Агар 2011 йилда Эллисон унинг ғояси асосидаги препаратни рўйхатдан ўтказувчи компанияни топишга муваффақ бўлмаганида ушбу Нобель мукофоти ҳам бўлмасди. Бу қандай рўй берди?

Скальпель ўрнига иммунитет

Барчаси Эллисон ва Хондзёнинг лабораторияларида бошланди. Улар бир-бирларидан мустақил равишда организмнинг иммун жавобини тўхтатувчи механизмни аниқлашди. Иммун тизими ҳужайралари барча бегона жисмларни йўқ қилиши ва шу билан бирга ўз организми оқсилларига тегмаслиги керак. Бундай мувозанатни қўллаб-қувватлаш учун аутоиммун реакцияга йўл қўймай, иммун механизмини тўхтатувчи оқсиллар мавжуд.