14:56 / 10.11.2021
8538

Элдор Шомуродов Осиёда ҳафта қаҳрамони номига даъвогар

Фото: Getty Images

Италиянинг «Рома» ва Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Осиё футбол конфедерацияси томонидан ҳар ҳафта аниқланиб келинаётган хориж чемпионатларидаги осиёлик энг яхши ўйинчи номига даъвогарлар рўйхатига киритилди.

ОФК расмий сайти сўнгги бир ҳафта давомида хориж чемпионатларида ўзини кўрсата олган осиёлик футболчиларни эътироф этиб, ҳафта қаҳрамонини аниқлаш учун сўровнома ўтказмоқда. Ҳафтанинг энг яхши футболчилари қаторига Осиёдан ташқарида тўп сураётган 10 нафар осиёлик ўйинчилар киритилган. Бу сафар ҳам фақатгина эркак ўйинчилар эмас, хориж лигаларида тўп сураётган 2 нафар аёл ўйинчилар ҳам жой олган.

Ҳафта қаҳрамонлиги учун Элдор Шомуродовдан ташқари, Эрон миллий жамоаси ва «Зенит» клуби форварди Сардор Озмун, Шаҳоб Зоҳиди (Заря / Эрон), Саид Иззатуллоҳи (Вейле / Эрон), Такеҳиро Томиясу (Арсенал / Япония) сингари ўйинчилар ҳам даъвъогарлик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик ҳужумчи якунланган ҳафтада «Венеция» билан ўйинда (2:3) «Рома» сафида А Сериядаги илк голини киритиш билан бирга Абраҳамнинг голига ассистенлик ҳам қилди. Whoscored статистик портали римликлар сафидан Элдорни ўйиндаги энг яхши ўйинчи деб топиб, уни А Серия рамзий жамоасига киритганди. 

Маълумот учун, сўровнома 11 ноябрь кунига қадар давом этади. Унда иштирок этмоқчи бўлган мухлислар қуйидаги манзилга ўтиб, овоз беришлари мумкин.

Top