Жаҳон | 11:31 / 16.11.2021
19015
2 дақиқада ўқилади

Россиялик ҳарбийлар “Суперкалашников” автомати билан қуроллантирилмоқда

Россия денгиз пиёда қўшинлари янги АК-12 “Суперкалашников” автоматлари билан қуроллантирилади. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлигига таяниб “Известия” нашри хабар берди. 

Фото: Известия

Маълумотларга кўра, Тинч океани флотининг Тоғли Қорабоғдаги тинчликпарвар батальони “Суперкалашников” билан қуроллантириб бўлинди. Шунингдек, автоматни Қора денгиз флотининг “қора беретлари” ҳам олади.  

“АК-12’да анъанавий Калашников автоматининг ишончли механик қисми сақлаб қолинган ва қайта ишланган. Бунинг эвазига автоматнинг жанговар имкониятлари кескин ошган. Аввал бизнинг қурол АҚШ штурм милтиқларига нисбатан камроқ даражада аниқ бўлган бўлса, ҳозирда бу ҳақда умуман гап бориши мумкин эмас. У шубҳасиз “қора беретлар” бўлинмасини кучайтиради”, деб айтган ҳарбий эксперт Владислав Шуригин.

Унинг таъкидлашича, янги автоматни Россия қуролли кучларининг энг кучли қисмлари – махсус кучлар, десантура ва денгиз пиёда қўшинлари олмоқда.

Мутахассислар ушбу қурол денгиз пиёда қўшинлари жанговар қудратини ошириши, чунки нафақат умумқўшин жангларида, балки бинолар ва кемаларни душман кучларидан тозалашда ҳам қўл келади.

Автоматга ҳар қандай кузатув қурилмалари – лазерли нишонга олгичлар ёки фонарлар ўрнатилиши мумкин. Унга қўшимча олди дастак, стволи остига эса гранатомёт ҳам ўрнатиш имкони бор. Россия мудофаа вазирлигида таъкидланишича, автоматнинг Россия қуролланишида бўлган асосий автомат АК-74М’га нисбатан самарадорлиги 2 марта ошган. 

АК-12 “Калашников” концерни томонидан “Ратник” дастури доирасида ишлаб чиқилган. 2018 йил охирида автомат Россия армияси томонидан қуролланишга олинган. 2020 йил августида концерн автоматни яқин хорижий давлатларга экспорт қилишни бошлаган.

Мавзуга оид