Жаҳон | 19:19 / 19.11.2021
8246
2 дақиқада ўқилади

Путин пандемияга қарамасдан Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо ҳажми ўсаётганини айтди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Россияга ташриф билан борди.

Фото: ТАСС

Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми пандемияга қарамасдан ошиб бормоқда ва бу икки мамлакат ҳамкорлиги ҳатто мураккаб даврда ҳам муваффақиятли бўлиб қолаётганини билдиради. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Москвада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашуви чоғида айтди.

“Бугунги кунда Ўзбекистон умумий товар алмашув ҳажмининг 17 фоизи Россияга тўғри келади. Товар алмашув ҳажми ўсмоқда: ўтган йили пандемияга қарамасдан у 15 фоизга ўсди ва бу энг мураккаб даврда ҳам муваффақиятли ҳамкорлик қилаётганимизни кўрсатади”, — деди Россия президенти.

Ўзбекистон президентининг маълумот беришича, 2021 йил якунларига кўра, Россия-Ўзбекистон товар алмашув ҳажми 7 млрд долларга етади.

Путин Ўзбекистон Россия учун нафақат яқин қўшни, балки иттифоқчи эканига эътибор қаратди. У Ўзбекистонни Россия билан ҳам тарихий, ҳам бугун жуда кўплаб нарсалар боғлаб турадиган йирик мамлакат дея таъкидлади.

Путиннинг қайд этишича, икки мамлакат алоҳида қизиқарли ташаббусларга эга.

“Бу ерда ҳамкорликда ишлашимиз учун улкан майдон мавжуд. Сўзлашадиган мавзуларимиз бор. Сизни кўрганимдан жудаям хурсандман. Дарҳақиқат, кўришмаганимизга анча бўлганди, хуш келибсиз”, — деди Россия президенти Шавкат Мирзиёевга.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Россияга ташриф билан борди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг маълумот беришича, ташриф давомида халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик бўйича йирик сиёсий қўшма баёнот қабул қилинади. Президентлар учрашуви чоғида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган 18 та ҳужжат имзоланади.

Мавзуга оид