ССВ шифохоналардаги тозалик ҳолатини алоҳида назоратга олди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи тиббиёт муассасаларидаги қатор камчиликларни аниқлади: узун навбатлар, ортиқча қоғозбозлик ва санитария-гигиена меъёрларига етарли даражада эътибор берилмаётгани. Янги вазир Беҳзод Мусаев барча муассасалардаги санитар-гигиена ҳолатини зудлик билан яхшилашга топшириқ берди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи тиббиёт тизимидаги муаммо ва камчиликларни атрофлича ўрганиб, уларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
ССВ матбуот хизматининг ёзишича, хусусан, ўрганишлар давомида беморларнинг шифокор қабулига узоқ навбат кутиши, тиббиёт ходимларининг ортиқча қоғозбозликлар билан боғлиқ юкламалари кўплиги каби камчиликлар қаторида жойлардаги аксарият даволаш-профилактика муассасаларида санитария-гигиена меъёрларига етарли даражада эътибор берилмаётгани маълум бўлди.
«Қолаверса, ҳудудлардаги бир қатор шифо масканларида паразитар ва юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, санитария қоидалари ва гигиена нормаларига амал қилинишини таъминлаш, фуқаролар учун бу борада зарур шарт-шароит яратиш бўйича ишлар жиддий оқсаётгани аниқланди. Бу эса табиийки, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда», дейилади вазирлик хабарида.
Шундан келиб чиққан ҳолда соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев тизимдаги барча муассаса раҳбарларига мазкур йўналишдаги муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатма берди.
Унга кўра, вазирлик тасарруфидаги барча даволаш-профилактика муассасаларида 3 кун ичида тегишли талабларга жавоб бермайдиган санитария-гигиена хоналарини таъмирдан чиқариш, барча зарур тозалик воситалари (совун, суюқ совун, бир марталик қоғоз сочиқ, урна ва бошқа тозалаш анжомлари) билан доимий таъминлаш бўйича масъулларга зарур топшириқлар берилди.
Шунингдек, эндиликда даволаш-профилактика муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳолашда улардаги санитария-гигиена ҳолати ҳам алоҳида мезон сифатида белгиланадиган бўлди.
Маълумот учун, бугун вазирлик тизимида жами 3365та муассаса фаолият кўрсатмоқда.
Жумладан, уларнинг:
- 207тасини туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси,
- 208тасини кўп тармоқли марказий поликлиника,
- 995тасини оилавий поликлиника,
- 863тасини оилавий шифокор пункти,
- 11тасини олий таълим муассасаси,
- 75тасини ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш таълим муассасаси ташкил этади.
Мавзуга оид
16:28 / 23.09.2024
Беҳзод Мусаев янги лавозимга ўтказилди
16:19 / 23.09.2024
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўзгарди
15:10 / 17.09.2024
“Ўзбек ҳамширалари Германияга 2200 евро топгани жўнатилмоқда” – Беҳзод Мусаев
18:44 / 08.08.2024