10:58 / 21.11.2021
63131

Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров вафот этди

«Ажойиб хаёлпараст» фильми орқали киномухлисларга яхши таниш бўлган актёр кўп вақтдан буён бетоб бўлган.

Фото: Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси

Ўзбекистон халқ артисти, «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари ҳамда «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони соҳиби Бахтиёр Ихтиёров 81 ёшида ҳаётдан кўз юмди. 

«Ўзбеккино»даги манбанинг Kun.uz’га хабар қилишича, Бахтиёр Ихтиёров анча вақтдан буён бетоб бўлиб, тўшакда ётган. Марҳумнинг жанозаси Чилонзор кўчасидаги («Ўзбекфильм» биноси жойлашган кўча) «Собитхон ҳожи ота» масжидида аср намози вақтида ўқилади.

Бахтиёр Ихтиёров 1940 йил 28 мартида Бухорода туғилган. 1963 йилда Островский номидаги Тошкент Театр ва рассомчилик институтининг (ҳозирги Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъати институти) мусиқали драма факультетини тамомлаган.

1956 йилдан Бухоро мусиқали театрида ишлаган, 1959-1976 йилларда Муқимий номидаги мусиқали театрида актёр ва режиссёрлик қилган, 1980-1988 йилларда театр бош режиссёри бўлган.

1976-1980 йилларда «Ёш гвардия» театри (ҳозирги Аброр Ҳидоятов номидаги театр)да ишлаган, 1988-1991 йилларда Абдулла Қаҳҳор номидаги Сатира театрида бош режиссёр бўлган, 1991 йилдан шу театрда актёр ва режиссёр сифатида ишлаган.

Бахтиёр Ихтиёров сермаҳсул ижоди давомида «Ёр-ёр», «Ажойиб хаёлпараст», «Ўтган кунлар», «Нодирабегим», «Еттинчи жин», «Абу Райҳон Беруний», «Еттинчи ўқ», «Шум бола» каби жуда кўплаб фильмларда роллар ижро этиш билан бир қаторда ўзбек театр санъати ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшган.

Kun.uz жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Мавзуга оид
Top