Ўзбекистон | 08:00 / 24.11.2021
4053
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди

Жорий йилнинг 22 ноябрь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқовнинг Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Бахит Султонов бошчилигидаги делегация билан кенгайтирилган учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Учрашув Ўзбекистон-Қозоғистон иқтисодий ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишга бағишланди. Мулоқотда инвестициявий муносабатлар, савдо, саноат кооперацияси ҳамда транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди.

Саноат кооперацияси йўналишида қўшма лойиҳалар сонини кўпайтириш бўйича ишларни жадаллаштиришнинг долзарблиги қайд этилди. Томонлар агросаноат мажмуаси, машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, металлургия ва фармацевтика тармоқларида бугунги кунда кўриб чиқилаётган қатор лойиҳаларни муҳокама қилиб, янги лойиҳавий таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида турли соҳаларда мавжуд бўлган салоҳият ва ишга солинмаган имкониятларни ўрганишга келишди.

Ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштиришга урғу берилди. Яқин келажакда янги инвестициявий битимлар ва савдо шартномаларини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари ва вилоятлар маъмуриятлари раҳбарларидан иборат делегацияларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.

Жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик форумини, шунингдек, жорий йилнинг охиригача Ўзбекистон-Қозоғистон ишбилармонлар кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес–форум ташкил этилиши муҳокама қилинди.

Икки томонлама савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ушбу соҳадаги қатор масалаларни кўриб чиқиб, шу ойда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашувларини ташкил этишга келишиб олди. Бу икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларининг ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш имконини беради.

Шунингдек, учрашув чоғида транспорт соҳасида қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ қатор масалалар ҳамда божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва икки мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш бўйича устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Мавзуга оид