17:21 / 24.11.2021
2062

Сурхондарёда кредит маблағларини ўзлаштирган ширкат раҳбарига жиноят иши қўзғатилди

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида кредит маблағларини ўзлаштирган ширкат раҳбарига жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сариосиё туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Текширувда, “И” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари О.А. кўп қаватли уй-жойларда жорий таъмирлаш ва қурилиш ишларини амалга ошириш учун ажратилган 2,9 миллиард сўм кредит маблағининг 525,2 миллион сўмини шартномада кўрсатилган мақсадларда фойдаланмасдан банк филиалига сохта ҳужжатларни тақдим этиш орқали талон-торож қилгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top