Туркий давлатлар ривожланишида инновацияларнинг ўрни муҳокама қилинди
23 ноябрь куни Тошкентда «Туркий давлатларда инновациялар ва технологиялар ривожланишининг ўрни» форуми бўлиб ўтди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Инновацион ривожланиш вазирлиги мезбонлик қилган форум «InnoWeek.Uz-2021» ҳафталиги доирасида ўтказилган.
Онлайн ва офлайн шаклда ташкил этилган анжуманда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов, Қирғизистон Рақамли иқтисодиёт вазири ўринбосари Залкарбек Карибеков ҳамда АКТ мутахассислари ва экспертлар иштирок этди.
Тадбирдан мақсад туркий давлатларда илм-фан, инновациялар ва технологиялар ривожланишининг бугунги ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда ушбу соҳалардаги манфаатли ҳамкорлик истиқболларни белгилаб олиш, давлат ташкилотлари ва хусусий сектор ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суришдан иборат.
Форумнинг биринчи панель сессияси «Ҳудудий технологик ривожланиш: кеча ва бугун» мавзусида ўтказилди. Унга Туркия савдо-саноат палатаси бош котиби Адем Кула модераторлик қилди. «Ахборот технологияларининг туркий модели ва технологиялар трансферида ҳамкорлик» мавзусидаги панель сессиясига Туркий давлатлар ташкилоти лойиҳа директори Фаррух Жумаев модераторлик қилди.