18:41 / 25.11.2021
41910

2022 йилда солиқ сиёсатида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

ҚҚС тўловчи корхоналар тоифаси кенгаймоқда, хусусий компанияларга ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси пасайтирилмоқда, бензин учун ягона солиқ ставкаси белгиланмоқда.

Фото: Getty Images

Ҳисоб палатаси “Бюджетнома”ни таҳлил қилди. Ундан солиқ сиёсатида, ҳар бир солиқ тури бўйича ўзгаришлар ҳам жой олди.

Қўшилган қиймат солиғи

Амалдаги солиқ ставкаси 15 фоиз миқдорида сақлаб қолинади.

Тушум ҳажмидан қатъи назар қуйидагилар ҳисобига ҚҚС тўловчи корхоналар тоифаси кенгайтирилади:

  • суғориладиган ерлари 25 гектардан ортиқ бўлган фермер хўжаликлари;
  • солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари ва аудиторлик ташкилотлари;
  • нотижорат, шу жумладан бюджет ташкилотлари.

ҚҚС бўйича қандай имтиёзлар бекор бўлади?

Солиқ кодекси билан берилган жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари хизматлари (бундан бюджетдан молиялаштириладиган мустасно), шунингдек, спорт иншоотлари, оммавий-маданий тадбирларни ташкил этишдан даромадлар қисмида ҳамда қатъий кўрсатиладиган банк хизматлари қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинмоқда.

Акциз солиғи

Акциз солиғи ставкалари 2022 йил 1 июндан ўртача 10 фоизга индексация қилинмоқда.

(Қатъий ставкалар ҳар йили индексация қилинади (инфляция индексига)

Акциз бўйича асосий ўзгаришлар:

  • Тамаки маҳсулотлари импортига акциз солиғи ставкаси 2022 йил 1 январдан 10 фоизга;
  • Алкогол маҳсулотлари импортига 2022 йил 1 июндан 10 фоизга;
  • 2022 йил 1 январдан алоҳида турдаги тамаки маҳсулотларига (чилим учун тамаки, чекиладиган, ўрама тамаки, қиздириладиган тамаки, никотинли тамакисиз снюс, таркибида никотин мавжуд бўлган суюқлик) импортига акциз солиғи ставкаси 10 фоизга индексация қилинмоқда;
  • Республикада ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган бензин учун ягона солиқ ставкаси белгиланмоқда;
  • Суюлтирилган газга акциз солиғи ставкаси бекор қилинмоқда (амалда 30 фоиз);
  • Полиэтилен гранулаларига акциз солиғи ставкаси 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирилиши белгиланмоқда;
  • Полиэтилен гранулалар импортида ҳам акциз солиғи жорий қилинмоқда.

Фойда солиғи

Фойда солиғи ставкасини 15 фоиз миқдорида ва дивидендлар кўринишидаги даромадлар бўйича солиқ ставкаси 5 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда.

Фойда солиғида нималар ўзгаради?

Амортизациянинг йиллик энг юқори нормасини:

  • бинолар учун 3 фоиздан 5 фоизгача;
  • иншоотлар учун 5 фоиздан 10 фоизгача;
  • узатиш қурилмалари;
  • куч машиналари ва асбоб ускуналари учун 8 фоиздан 15 фоизгача;
  • фаолият турлари бўйича иш машиналари ва асбоб-ускуналар учун 15 фоиздан 20 фоизгача;
  • компютер, маълумотларни қайта ишлаш ускуналари учун 20 фоиздан 40 фоизгача оширилмоқда.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи

Ушбу солиқ ставкаси 12 фоиз миқдорида ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган даромадларидан фуқароларнинг ШЖБПҲ (Шахснинг жамғариб борадиган пенсия ҳисоби)га ўтказиладиган ажратмалари миқдорининг 0,1 фоизи миқдорида сақлаб қолинмоқда.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ

  • Ер қаъридан фойдаланувчиларнинг капитал харажатларини ҳисобга олган ҳолда янги конларда нефт, табиий газ, газ конденсати, қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металларни қазиб олиш (ажратиб олиш)ни амалга оширувчи ер қаъридан фойдаланувчилар учун рента даромади солиғи жорий этилмоқда;
  • Рента даромад солиғи инвестиция киритилганда, металлар ёки углеводород хомашёсини реализация қилишдан олинган даромад ва уларни қазиб олиш (ажратиб олиш) билан бевосита боғлиқ бўлган харажатлар чегирилган ҳолда (уч йилдан кейин) тўланади;
  • Янги нефт ва газ қудуқлари, саноат усулида фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб, дастлабки икки йил давомида мол-мулк солиғи тўлашдан озод қилинади, кейинги уч йилда ушбу солиқ учун белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизига камайтирилган ставка қўлланади;
  • Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини нефт ва табиий газ бўйича 10 фоизгача (амалда нефт 20 фоиз, табиий газ 30 фоиз), олтин ва мис учун 7 фоизгача (амалда олтин 10 фоиз, мис 10 фоиз), волфрам концентрати учун 2,7 фоизгача (амалда 10,4 фоиз) ва уран учун 8 фоизгача (амалда 10 фоиз) камайтирилмоқда (Бунда, давлат улушига эга корхоналар НКМК, ОКМК ва Ўзбекнефтгаз учун амалдаги солиқ ставкалари сақлаб қолиниши кўзда тутилмоқда);
  • 2022 йил 1 январдан бошлаб цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган 1 тонна оҳактош учун ер қаъридан фойдаланганлик учун 14 солиқнинг ставкасини икки бараварга камайтирган ҳолда 22 500 сўм/тн (амалда 45 000 сўм/тн) миқдорида белгиланмоқда.

 Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ. Ушбу солиқ (қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун белгиланган ставкалардан ташқари) ставкаларини инфляция даражасида 1,1 бараварга иқтисодиётнинг барча тармоқлари корхоналари (саноат корхоналари, электр станциялари ва коммунал хўжалиги бундан мустасно) ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун эса 1,3 бараварга индексация қилинмоқда;

  • Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун белгиланган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 40 сўм, шу жумладан солиқ ставкасига сув етказиб берувчилар томонидан етказиб берилган сув ҳажми харажатларини қоплаш учун 1,05 коэффициент қўллаш тартиби сақлаб қолинмоқда;

Мол-мулк солиғи

  • Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси амалдаги 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилмоқда;
  • Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган пасайтирилган солиқ ставкаси 0,4 фоиздан 0,5 фоизга ўзгартирилмоқда;
  • Солиқ солиш мақсадида бинолар бўйича солиқ базаси қуйидаги миқдорларда 1 кв метр учун мутлақ қийматда белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмаслиги жорий этилмоқда:
  • Тошкент шаҳрида – икки миллион беш юз минг сўм
  • Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – бир миллион беш юз минг сўм;
  • қолган ҳудудларда – бир миллион сўм этиб белгиланмоқда.

Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи

Ушбу солиқ ставкалари 10 фоизга индексация қилинмоқда.

Ер солиғи

  • Юридик шахслардан олинадиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер солиғининг базавий ставкалари ўртача 1,07 бараварга индексация қилинмоқда;
  • Юридик шахслардан олинадиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер солиғи ставкаларига қўлланиладиган пасайтирувчи 0,25 коэффициент 0,3 этиб белгиланмоқда;
  • Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари ўртача 1,07 бараварга индексация қилинмоқда;
  • Қишлоқ хўжалиги корхоналари ер солиғи қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматига нисбатан белгиланган 0,95 фоиз солиқ ставкаси сақлаб қолинмоқда.

Ижтимоий солиқ

Солиқ ставкаси бюджет ташкилотлари учун 25 фоиз, бошқа солиқ тўловчилар учун 12 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда.

Айланмадан олинадиган солиқ

Айланмадан олинадиган солиқнинг базавий ставкалари 2021 йил даражасида (4 фоиз) сақлаб қолинмоқда.

Top