Жаҳон | 14:09 / 26.11.2021
20868
4 дақиқада ўқилади

Иқтисодиёт қулаши ва очарчилик: Афғонистон фалокат ёқасида

Афғонистондаги тиббиёт ходимлари толиблар келганидан бери маош олмаяпти.

BBC телебошловчиси Ялдо Ҳаким Афғонистонда туғилган. Унинг оиласи 1980-йилларда совет истилоси давридаёқ мамлакатни тарк этган. Аммо кейинчалик у Афғонистонга журналист сифатида бир неча бор келган. Бу унинг ватанига толиблар мамлакатни қўлга олганидан кейин илк бор келиши.

Толиблар ҳукуматга келганидан кейин ватанимга илк марта келганимда кўплаб саволларга жавоб топишга тўғри келишини билардим.

Ялдо Ҳаким Афғонистонни совет истилоси йилларидаёқ тарк этган

Ғарбпараст ҳукумат ағдарилганидан кейин ҳукумат қай даражада ўзгарди? Афғонлар ўзлари орзу қилган тинч ҳаётга эришадими? Янги ҳукмдорлар томонидан жамият ҳаётидан аллақачон узоқлаштирилган аёллар ва қизларни нима кутмоқда?

Бироқ ўз-ўзимга берадиган саволлардан бири хаёлимга ҳам келмаганди. Кундан кунга, ҳафтадан ҳафтага, ойдан ойга ҳеч нарса олмай, ишга қатнаш учун қанча куч керак?

Мен айнан шу нарсага гувоҳ бўлдим.

Аввалги ҳукумат қулаб, хорижий ёрдам келмай қўйгач, Қандаҳордаги шифокорлардан тортиб Кобул шифохонасидаги фаррошларгача — Афғонистон соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг ҳеч бири маош олмаяпти.

Уларнинг ўзи жар ёқасида, бироқ ҳеч нарсага қарамай, ишга қатнаяпти ва қўлларидан келганча тушкунликка тушиб қолган одамларга ёрдам беряпти.

Афғонистондаги тиббиёт ходимлари толиблар келганидан бери маош олмаяпти

Насрин Афғонистон пойтахти Кобулдаги Индира Ганди номидаги шифохонада фаррош бўлиб ишлайди.

«Агар ишга чиқмасак, бу болалар вафот этади. Биз қандай қилиб уларни ташлаб қўямиз?» — дейди у.

Кичик ёшдаги болаларнинг кўпчилиги тўйиб овқатланмагани сабабли жуда қувватсиз. Улар қандайдир инфекция юқтириб олмаслиги учун палаталар тоза бўлиши керак.

Насриннинг сўзларига кўра, унинг транспорт харажатлари учун тўлашга пули йўқ. Ишга пиёда қатнаяпти. Тоғ тизмаси бўйлаб пастга ва 12 соатлик сменадан кейин яна ортга.

Айрим болалар тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда

Соғлиқни сақлаш ходимларига қанчалик оғир бўлмасин, уларнинг беморлари янада оғир аҳволда.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 23 миллион афғон очликдан ўлиш хавфи остида. Аҳолининг 95 фоизи тўйиб овқатланмаяпти.

Насрин тозалайдиган палаталарда ушбу инқирознинг энг ёш жабрланувчилари бор.

Уч ёшли Гулнора шу даражада заифки, юмилиб кетаётган кўзларини зўрға очяпти. Сочлари тўкилиб кетмоқда. Уйғонгач, оғриқ зўридан йиғлайди. Афғон болалари бошдан кечираётган очлик оқибатлари ана шундай.

Ялдо Ҳаким келган Кобулдаги Индира Ганди номидаги шифохонага тўйиб овқат емасликдан азият чекаётган болалар ётқизилган.

«Толибон» расмий вакили Суҳайл Шаҳин буларнинг барида халқаро ҳамжамиятни айбламоқда. Унинг айтишича, афғон халқи Ғарб туфайли азият чекяпти.

«Улар мамлакат фалокат, очлик, гуманитар инқирозга юз тутаётганини айтишяпти. Шундай экан, бу фожианинг олдини олиш учун бирор нима қилишсин. Инсон ҳуқуқлари ҳақида гапирадиган халқаро ҳамжамият, мамлакатлар Афғонистонни гуманитар инқирозга олиб борувчи қадамлар қўйишни бас қилишлари керак», — дейди Шаҳин.

Афғонистондаги кўпчилик бир нарсани аниқ билади: муаммони хориждан келадиган ёрдамгина ҳал этиши мумкин.

Мамлакат иқтисодиёти аҳволига назар солинса, бу яққол кўринади. Халқаро ёрдам келмай қўйгач, иқтисодиёт қулади-қўйди.

«Мен ғишт пиширишда ишлардим. Ўша вақтда ойига 25 минг афғони (270 доллар) топардим. Ҳозир ойига ҳатто 2 минг (22 доллар) ҳам ишлаб топаётганим йўқ», — дейди кўча меҳнат биржасида пул топиш илинжида иш кутаётган ўрта ёшлардаги афғон.

Унинг тўрт нафар фарзанди бор. Айтишича, уларнинг ҳаммаси касал, дорига эса пул йўқ.

«Ўзим учун ҳеч қандай келажакни кўрмаяпман. Камбағал оилаларнинг келажаги йўқ», — дейди у. 

Мавзуга оид