Жаҳон | 09:25 / 26.11.2021
7001
2 дақиқада ўқилади

Кузбассдаги конлардан бирида 52 киши ҳалок бўлди

Россиянинг Кузбассидаги “Листвяжная” конида юз берган тутунланиш вақтида 52 киши, жумладан 6 қутқарувчи ҳалок бўлди. 

Фото: rbc.ru

Маълумотларга кўра, жасадларнинг аксарияти конда қолмоқда ва ҳарорат ҳамда метан миқдори барқарорлашгандан кейин улар ташқарига олиб чиқилади.

Ҳалокат юз берган вақтда конда 285 киши бўлган, улардан 239 нафари ташқарига чиқишга муваффақ бўлган. Кончилар вентиляция штрекларидан бирида вужудга келган тутунланиш оқибатида ис газидан бўғилишган.

Таъкидланишича, 250 метр чуқурликдаги вентиляция штрекида кўмир чанги алангаланиши юз берган. Унинг оқибатида ҳосил бўлган тутун вентиляция тизими орқали бутун кон бўйлаб тарқалган.

Ҳалокат юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Унга олиб келган асосий сабаб сифатида хавфсизлик техникасининг бузилиши версияси ўрганилмоқда. Бироқ бошқа версиялар, жумладан қурилманинг носозлиги сабабли юз берган қисқа туташув ва “табиий сабаблар” ҳам борлиги айтилмоқда.

Ҳодиса сабабли Кузбассда 3 кунлик мотам эълон қилинган.

“Листвяжная” конида юз берган ҳалокат Россия тарихидаги энг йирикларидан бири ҳисобланади. Бунгача 2007 йилда Кемерово областининг “Ульяновская” конида юз берган ҳалокатда 100дан кўпроқ киши, 2010 йилда “Распадская” конида юз берган портлашда эса 90дан кўпроқ кончи ҳалок бўлган.

Мавзуга оид