Ўзбекистон | 15:58 / 26.11.2021
1911
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қуёш радиацияси параметри ўлчанадиган метеостанция яратилди

Метеостанцияда ҳаво ҳарорати, намлиги, шамол тезлиги ва йўналишлари, қуёш радиацияси параметрлари ўлчанади.

Тошкент шаҳрида ўтказилаётган “Innoweek-2021” технологиялар ҳафталигида Қайта тикланувчи энергия манбалари илмий-тадқиқот институти томонидан яратилган метеостанция намойиш қилинди. Институт катта илмий ходими Жобир Аҳадовнинг айтишича, қурилма ҳавонинг намлиги, ҳарорати, шамол тезлиги ва йўналишлари ҳамда қуёш радиацияси параметрларини ўлчашга мўлжалланган.

“Ҳозирга қадар Ўзбекистонда метеостанция ишлаб чиқарилмаган, яъни хориждан импорт қилинган. Биз яратган қурилма импорт ўрнини босади. Айни пайтда метеостанцияни кичик серияда ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик”, дейди Жобир Аҳадов.

Қайд этилишича, ускунанинг афзаллиги - арзонлигида. Масалан, Осиё тараққиёт банки орқали Ўзбекистонга 6та метеостанция 100 минг долларга харид қилинган бўлса, унинг йиллик лицензиясини узайтириш 103 минг еврони ташкил этади. Яъни, метеостанциянинг нархидан унинг лицензиясини узайтириш қиммат.

“Шу сабабли, биз ўзимизнинг дастурий маҳсулотни ишлаб чиқдик ва унинг нархи 50 млн сўм атрофида. Метеостанцияда шамол, қуёш, намлик қурилма датчиклари орқали информация компьютерга йиғилади. Ускуна орқали республиканинг турли нуқталаридаги маълумотларни бир жойга жамлаш, барча иқлимий кўрсаткичларни таҳлил қилиб бориш мумкин.

Тўғри, ҳозирча датчикларини чет элдан оламиз. Ускунанинг ўзи биз ишлаб чиққан дастур асосида ишлайди. Келгусида датчикларни ҳам ўзимизда ишлаб чиқариш ниятимиз бор. Гидрометеорология маркази базаларида мазкур метеостанцияларни ўрнатиш бўйича келишувлар олиб бормоқдамиз”, дея маълум қилди Қайта тикланувчи энергия манбалари илмий-тадқиқот институти илмий ходими.

Мавзуга оид