Жамият | 18:08 / 27.11.2021
19971
3 дақиқада ўқилади

Бухоролик ҳокимлар Андижон тажрибаси билан танишди

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Андижон вилоятида бўлди. Сафар давомида делегация сафида келган шаҳар ва туман ҳокимлари, тадбиркорлар андижонлик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашишди.

Бухороликлар Андижоннинг турли ҳудудларида бўлиб, ишлаб чиқариш, хонадонда тадбиркорликни ривожлантириш, бунёдкорлик, ободончилик борасида қилинган ишлар ва режалаштирилаётган вазифалар хусусида маълумотга эга бўлишди. Ташрифнинг биринчи куни меҳмонлар Асака туманида бўлиб, томорқасидан унумли фойдаланган ҳолда даромад топаётган, паррандачилик билан шуғулланаётган хонадонларни кўздан кечиришди. Хусусан, туманнинг Обод маҳалласида кўчатчилик билан шуғулланиб, 15 сотихли иссиқхонадан 180 миллион сўм даромад топаётган Бозорвой Собиров, 2 сотихли иссиқхонадан йилига 5 марта ҳосил олаётган Санжарбек Холматовнинг ишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

“Обод турмуш орзуси” фермер хўжалиги қошидаги мева-сабзавотларни қуритиш ва қадоқлаш корхонасида бўлган бухороликлар ушбу корхонада ишлаб чиқарилган сифатли маҳсулотлар Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Белгия ҳамда Германия каби давлатларга экспорт қилинаётганининг гувоҳи бўлишди. Бундан ташқари, “Барака ҳамкор” парранда етиштириш хусусий корхонаси тажрибаси ҳам ўрганилди. Мазкур корхона томонидан ички бозорга кунига 15-20 тонна парранда гўшти, 200 минг дона тухум етказиб берилади. Бу ерда 268 минг бош товуқ тухум йўналишида ҳамда 36 минг бош товуқ кўпайтириш учун боқиляпти.

“Бугунги кунда аҳолини иш билан таъминлаш, уларнинг даромадларини ошириш ҳар бир раҳбар учун асосий вазифага айланган. Бу борада Бухоро вилоятида ҳам анча ишлар қилиняпти. Бу ишларни янада ривожлантириш мақсадида Андижон тажрибасини ўргандик. Таассуротларимиз жуда катта. Биламиз, Андижон халқи меҳнаткаш. Хонадонида 6 минг бошга яқин товуқ боқиб, оила тирикчилигини таъминлаётган, ўнга яқин қорамоли бор, иссиқхона хўжалигини яхши йўлга қўйган, узумчилик ортидан бой-бадавлат яшаётган инсонлар хонадонларида бўлдик. Булар, албатта, келиб ўрганишга арзийдиган мисоллар. Қаровсиз ётган майдонда замонавий, Италия технологияси асосида паррандачилик корхонасини ташкил қилган тадбиркорнинг шижоати ҳам бизни ҳайратлантирди. Мана, бўлар экан-ку, деган сўзнинг амалдаги исботини шу ерда кўрдим”, — дейди Бухоро вилояти ҳокими Ботиржон Зарипов.

Меҳмонлар Баҳрин маҳалласида паррандачилик билан шуғулланаётган тадбиркор Рустамжон Шаропов ҳамда бедана боқиш орқали яхшигина даромад топаётган Юлдузхон Турсунованинг хонадонида ҳам бўлиб, у ерда ташкил этилган технологиялар билан танишди.

Бухоро делегацияси томонидан Андижон тажрибаси эътироф қилинган ҳолда бу каби ишларни Бухорода ҳам кенг йўлга қўйиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш борасида “маҳаллабай” ва “хонадонбай” тарзида ишлаш белгилаб олинди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид