Ўзбекистон | 19:38 / 04.12.2025
2295
5 дақиқада ўқилади

Андижон тиббиёт институти талабаларига ижара компенсацияси нега бекор қилинди?

Ноябр ойи учун берилган аризалар автоматик бекор бўлиб кетган. Kun.uz суриштирувида маълум бўлишича, бу ҳолатга университет маъмурияти томонидан ётоқхонадаги бўш жойлар хорижлик талабалар учун олдиндан банд қилиб қўйилгани сабаб бўлган. Институт раҳбарияти бунинг учун айрим масъулларга интизомий жазо қўлланганини билдирди. Бекор бўлиб кетган аризалар тикланади – талабалардан қайта ариза олинмайди.

Фото: Kun.uz

Kun.uz'га Андижон давлат тиббиёт институтининг бир неча талабасидан мурожаат келиб тушди. Уларга кўра, ОТМ раҳбарияти ётоқхонадан ташқарида ижарада яшовчи барча талабаларга ноябр учун ижара суммасининг ярми қоплаб берилмаслигини маълум қилган.

Шунингдек, шу вақтгача берилган аризалар тизимдан ўчириб юборилгани ва декабр учун қайта ариза ташланиши кераклиги айтилган.

Талабаларга ётоқхона етмагани сабабли ижара шартнома асосида давлат томонидан пул тўланади, қачонки, унинг барча ҳужжатлари тўғри қилинган бўлса. Яъни турган хонадонидаги уй эгасининг розилиги асосида солиқ тизимидан ҳужжат тайёрланади. Ноябр бошида биз курсдошлар билан бу ҳужжатни қилдик ва ариза топширдик, аризамиз қабул қилинди.

Бу тўловни бизга ойнинг охирида тушириб беришлари керак эди. Аммо ноябр учун пул берилмади. 2 декабр куни эрталаб гуруҳга хабар келди: “ноябр учун тўлов бекор қилинди, яъни берилмайдиган бўлибди” деган. Шу кунгача қабул қилинган аризаларнинг барчаси бекор қилинибди. Яъни сентябр, октябр. ноябрда қилинган ҳужжатлар барчаси бекор қилинибди”, – дейди юқори курс талабаларидан бири.

Ижара тўловларига ота-онамга кўмак учун ноябр ойида шартнома қилгандим, афсуски, тўсатдан бермаймиз деб қолишди. Тютор хабарни етказди. Биз энди янгитдан ариза топширишимиз керак экан, ўзи зўрға, қийналиб, уйга қатнаб, дарсдан қолиб аризани топшириб олгандим. Яна топширинглар дейишяпти, нима қилишга ҳайронмиз”, – дейди бошқа бир талаба.

Яна бир талабага кўра, институт маъмурияти ноябр пуллари берилмаслигининг сабабини тушунтираркан, бюджетдан маблағ ажратилмаганини айтган.

Биз сабабини сўрасак, ноябр учун давлат пул бермаганини айтишди. Лекин ҳеч қайси расмий каналда давлат бюджетидан ажратилмагани ҳақида гап эшитмадик. Биз қаердан биламиз давлат пул ажратмаганини ёки бу пуллар эҳтимол талон-торож қилинганини?

Институтда кўплаб муаммолар бор, лекин шу кунгача кўпчилик айтмаган. Институтга норози бўлиб борсангиз, ҳар доимгидек муаммони эмас, уни айтганни йўқотишга қаратилган жавоб келади. Тушунтириш хати, дарсларда шу талабани қасддан қийнаш (“нб” қўйиш, атайлаб оралиқ якунийлардан қолдириш, жорий амалий дарсларда паст балл қўйиш) бўлади”, – дейди у.

Талабалар бошқа ОТМда эмас, айнан Андижон давлат тиббиёт институтида шундай бекор қилинишлар бўлаётгани ҳам шубҳали эканини билдиришди.

Институт Telegram-каналидаги расмий муносабатига кўра, ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, вазият ўрганилган. Натижада камчиликлар бартараф этилгани, тегишли масъулларга эса интизомий жазо чораси қўллангани маълум қилинган. Ноябр пуллари эса берилиши қайд этилган.

Kun.uz вазиятга аниқлик киритиш учун Олий таълим вазирлиги билан боғланди.

Вазирнинг матбуот котиби Назокат Абдуқундузованинг маълум қилишича, АДТИдаги ҳолатда аризаларнинг бекор бўлиб кетиши – ётоқхонадаги ўринлар хорижий талабалар учун банд қилиб қўйилгани билан боғлиқ.

ОТМда ётоқхоналар бор, агар бу ётоқхоналар бўш турган ва ундан талабалар фойдаланмаётган бўлса, бўш ўринга талабалар келмаяпти деб электрон платформамизнинг ўзи пул тўлаб берилишини рад этади.

Андижонда жуда ҳам кўп хорижий талабалар ўқийди. Уларнинг қабули сал бошқачароқ, декабрда ҳам давом этади. АДТИ хорижий талабалар учун ётоқхонадан бўш жойларни банд қилиб қўйган, у ерда ҳеч ким турмаган. [Шу сабаб] платформада ҳам бўш бўлиб турган. Шунга тизим қайтариб юборган.

Бунга ечим ҳам бор. Сентябр, октябр ойида институт масъуллари “бизда шундай вазият, хорижийлар учун олиб қўйганимиз сабабли ўзимизнинг талабалар учун мўлжалланган ётоқхона тўлган, шунинг учун ижарада турганларнинг пулини қоплаб беринглар” деган аризани киритишган. Булар сентябр ва октябр учун киритиб, ноябрга киритишмаган. Шу сабабли тўлаб берилмаган.

Энди институт маъмурияти буни бошқатдан киритади ва пул тўлаб берилади. Вазият шундай”, – деди матбуот хизмати раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, талабалар ноябр ойи учун бошқатдан ёзмайди: тўловлар аввалги киритилган маълумотлар асосида шакллантирилади.

Мавзуга оид