17:06 / 03.12.2021
3616

Энергетика вазирлиги Тошкентда сув таъминотидаги узилиш электр энергияси билан боғлиқ эмаслигини билдирди

Тошкент шаҳри аҳолисининг сув таъминотидаги узилиш электр таъминоти билан боғлиқ эмас. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Аввалроқ, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ пойтахт аҳолисининг асосий қисмини ичимлик суви билан таъминловчи «Қодирия» бош сув иншоотида юқори кучланишли электр таъминотида носозлик сабабли насос агрегатларида ўчиш ҳолати юзага келганини билдирганди.

Энергетика вазирлиги берган баёнотда айтилишича, пойтахт аҳолисини сув билан таъминловчи «Қодирия» сув иншооти 3та бир-бирига боғлиқ бўлмаган электр узатиш тармоқлари орқали электр энергияси билан таъминланади.

Бугун, 3 декабрь куни ушбу тармоқларнинг 2тасида қисқа муддатли (12 дақиқа) ўчиш содир бўлган. Бу вақтда учинчи электр узатиш тармоғи орқали «Қодирия» сув иншооти электр энергияси билан таъминланган.

«Шундай қилиб, электр энергиясининг бу ҳолати Тошкент аҳолисининг сув таъминотида узилишларга сабаб бўлмаган», дейилади вазирлик тарқатган баёнотда.

Бундан олдин, Тошкент ИЭСда электр энергиясида узилиш бўлгани сабабли қатор ҳудудлар иссиқлик таъминотисиз қолганди

Top