11:43 / 03.12.2021
3701

Тошкентнинг қатор ҳудудларида ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ узилишлар кузатилмоқда

Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 3 декабрь куни соат тонгги 8:30да пойтахт аҳолисининг асосий қисмини ичимлик суви билан таъминловчи «Қодирия» бош сув иншоотида юқори кучланишли электр таъминотида носозлик сабабли насос агрегатларида ўчиш ҳолати юзага келган.

Шу туфайли Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ узилишлар кузатилмоқда.

«Ҳозирги вақтда электр таъминоти қайта тикланди, ичимлик сув гидравлик режимини тиклаш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда.

Тошкент шаҳрида тез фурсатларда сув таъминоти ўз маромига қайтади. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», дейилади маълумотда.

Аввалроқ, Тошкент ИЭСда электр энергиясида узилиш бўлгани сабабли қатор ҳудудлар иссиқлик таъминотисиз қолганди. 

Top