Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тадқиқот: кейинги асрда дунё аҳолиси кескин камаяди
Кейинги асрда дунё аҳолисининг кескин пасайиши илк марта туғилиш сони камайиши сабабли рўй беради.
Lancet журналида чоп этилган янги тадқиқот кейинги асрда дунё аҳолиси кескин пасайишини прогноз қилди.
Ҳозирда дунёда 7,8 миллиардга яқин одам бор. Тадқиқотга кўра, 2064 йилда дунё аҳолисининг энг юқори чўққиси 9,7 миллиард атрофида бўлиши ва 2100 йилда 8,79 миллиардга тушиши кутилмоқда.
Ўрганишлар 23тагача мамлакат аҳолисининг 50 фоиздан кўпроққа қисқарганини кўрсатди. Жумладан, аҳоли сони камайиши Япония, Таиланд, Италия, Испания, Португалия, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда туғилиш даражаси пасайиши ва аҳолининг қариши туфайли юз берган.
Ҳатто Хитой каби энг кўп аҳолига эга мамлакатда ҳам аҳоли сони 2017 йилдаги 1,4 миллиарддан 2100 йилда 732 миллионга қисқаради.
Бироқ тадқиқот дунёнинг баъзи қисмларида аҳоли сони кўпайишини прогноз қилмоқда.
Бунга Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Саҳройи Кабир Африкаси киради: улардаги аҳоли сони 2017 йилдаги 1,03 миллиарддан 2100 йилда 3,07 миллиардга кўпаяди.
Дунёдаги иккинчи энг катта аҳоли мамлакати Ҳиндистон аҳолиси 2100 йилда 1,09 миллиард атрофида бўлади.
Тадқиқотнинг етакчи муаллифи ва ИҲМЕ институтининг глобал саломатлик бўйича профессори Штайн Эмил Воллсет IFLScience нашрига берган интервюсида шундай дейди: “Қора вабо туфайли дунё аҳолиси охирги марта XIV аср ўрталарида қисқарган. Агар бизнинг прогнозимиз тўғри бўлса, бу пандемия ёки очарчилик каби ҳодисалардан фарқли ўлароқ, биринчи марта аҳолининг камайиши туғилиш пасайиши ҳисобига содир бўлади.
Тадқиқот шуни кўрсатадики, қизлар учун таълим ва контрацепция воситаларидан фойдаланиш имкониятини ошириш туғилиш ва аҳоли ўсишини секинлаштиради.
Бу омиллар туғилиш даражасига таъсир қилади — аёлнинг бутун умри давомида ўртача туғиш сони бу аҳоли сони шаклланишининг энг катта омилидир. Бутун дунё туғилиш даражаси барқарор равишда пасайиб, 2017 йилдаги 2,37дан 2100 йилда 1,66гача, аҳоли сонини сақлаб қолиш учун зарур деб ҳисобланган минимал кўрсаткичдан анча паст бўлиши башорат қилинмоқда”, — дея қўшимча қилди у.