Жамият | 12:27 / 15.12.2021
9230
2 дақиқада ўқилади

“Болаларимга нима дейман?” – 7 йилда 7 марта операция қилинган бемор қисмати

Уч фарзанднинг отаси Музаффар Ҳайитбоев 7 йилдан буён хасталик билан курашиб келади. Ундаги жигар циррози бутун оиланинг, яқинларининг кулфатига айланган. Аҳволи тобора оғирлашаётган йигит хорижда ўтказиладиган жигар кўчириш амалиёти билан шифо топиши мумкинлиги оила учун ягона умид бўлиб турибди.

“Турмуш ўртоғим 2014 йилдан бери 7 маротаба турли жарроҳлик амалиётларини бошдан кечирди. Охирги вақтда аҳволи жудаям оғирлашди. Бирдан бир йўли жигар кўчириш операцияси эканлигини айтишди шифокорлар.

Унга бир нарса бўлса болаларимга нима дейман? Улар ҳам бошқаларга ўхшаб отаси билан бирга юришни хоҳлашади. Лекин отасининг кўп вақт шифохонада бўлиши сабаб бунга имкон бўлмайди”, дейди беморнинг турмуш ўртоғи Дилфуза Ҳайитбоева.

Укасининг аҳволини кўриб ундан кўпроқ оғриқ ҳис қилаётган опаси ўз жигарининг бир парчасини унга бермоқчи: “Ҳеч кимнинг жигари хасталанмасин. Укамнинг дардидан онам қандли диабет касаллигини орттирдилар. Тинимсиз қон босими кўтарилади.

Укам ҳали ҳеч нарса кўрмади ҳаётда. Фарзандлари жудаям ёш. Турмуш ўртоғим билан келишиб донор бўлишга рози бўлдим. Менинг жигаримнинг бир парчаси билан жигарим соғайиб кетса хурсанд бўламан”, дейди опа.

Музаффарнинг ҳаётдан умидлари кўп. Бунинг учун у соғайиб фарзандлари ва яқинлари бағрига қайтиши лозим. Сахийларнинг ёрдами ва дуолари билан бу умидлар амалга ошсин.

Музаффар Ҳайитбоевга тегишли карталар:

Ўзкард: 8600 0423 6518 4950

Ҳумо: 9860 0301 4995 6564

Виза: 4187 8000 3041 0948

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Тасвирчи - Азимжон Воҳидов.

Мавзуга оид