Ўзбекистон | 07:34 / 23.12.2021
27455
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон халқ артисти Шермат Ёрматов вафот этди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ўзбекистон халқ артисти, таниқли композитор ва дирижёр Шермат Ёрматов 82 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар бермоқда.

Шермат Ёрматов 1939 йил Фарғона вилоятида туғилган. Тошкент давлат консерваториясини хор дирижёрлиги мутахассислиги бўйича тугатган (1967). Тошкент шаҳридаги 99-ўрта мактабда мусиқа ўқитувчиси ва “Бойчечак” хор студиясининг раҳбари (1962-82) бўлган.

Шунингдек, у Ўзтелерадиода хор жамоаси дирижёри (1967-70), “Булбулча” болалар хорининг бадиий раҳбари ва бош дирижёри (1971) сифатида ишлаган.

1970 йиллар ўртасидан бошлаб Шермат Ёрматов ўзбек болалар қўшиғи ҳамда хор санъатига бағишланган доимий “Қўшиғим - жон қўшиғим” телекўрсатувларини олиб борган. “Соғлом авлод учун”ордени билан мукофотланган (1994), Ўзбекистон халқ артисти (1997).

“Шермат Ёрматов ўзбек болалар хорининг энг фаол тарғиботчиси, куйинчак раҳбар, “Қўшиғим, жон қўшиғим”, “Биргаликда куйлаймиз”, “До, ре, ми, фа, соль”, “Санъат ғунчалари” каби қатор кўрсатувлар орқали бутун республика болаларига мусиқадан таҳсил берган муаллим сифатида ёдимизда қолади”, дейилади вазирлик хабарида. 

Kun.uz санъаткорнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор этади.