23:19 / 31.12.2021
17616

Мансабдорнинг порахўрлиги ҳақида тасдиқланмаган хабар тарқатгани учун қамоққа олинган ижтимоий тармоқ фаоли озодликка чиқарилди

Ижтимоий тармоқ орқали вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзов пора олаётганда қўлга тушгани ҳақида хабар тарқатгани учун қамоққа олинган самарқандлик блогер Руслан Хаирнуровга нисбатан қўлланган эҳтиёт чораси уй қамоғига ўзгартирилган.

Руслан Хаирнуров / Фото: «Эзгулик»

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Руслан Хаирнуров 17 декабрь куни фуқаро Facebook’даги “Халқ назорати”, “Новости Самарканда” номли гуруҳлар ва “Ўзбекистон овози/Голос Узбекистана” каналида жойлаган постида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиязов Самарқанд вилоятида бош шифокорлик лавозимига ишга тайинлаш учун номаълум шахсдан 80 минг доллар олгани, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилгани ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги ҳақида ёлғон хабар тарқатган.

Шундан сўнг Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан блогерга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а, г” бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, у эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Самарқанд вилоят бўлимининг маълум қилишича, 31 декабр куни Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция тартибида фуқаро Рустам Хаирнуровга сиртдан қамоққа олиш бўйича биринчи инстанция ажримини бекор қилган ва айбланувчи “уй қамоғи”га ўтказилган.

“Судьялар Ж.Ботиров, Ф.Рахманов ва Б.Жумабаевларнинг апелляция тартибида қабул қилган ажримида биринчи инстанция суди судьяси Илҳом Эргашев томонидан “ЖПКнинг 242-моддаси талабини бузган ҳолда Р.Хаирнуров томонидан содир этилган жиноят ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар турига киришлигини ва айбланаётган модда санкциясида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо назарда тутилмаган бўлса-да, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаб хатоликка йўл қўйган” деган хулосага келинган.

Бундан тарқари апелляция суди “иш материалларида айбланувчи Р.Хаирнуров терговдан яширинганлигини тасдиқловчи бирон бир ҳужжатлар мавжуд эмас”лигини ҳам тан олди.  Шу билан бирга айбланувчи мақомидаги фуқаро Руслан Хаирнуровга уй қамоғидаги тергов муддатида:

- муайян шахслар билан алоқада бўлмаслик;

- ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланмаслик ва улар ёрдамида сўзлашувлар олиб бормаслик;

- интернет тармоғидан фойдаланмаслик мажбуриятлари ҳам юклатилган”, дейилади “Эзгулик” жамияти томонидан эълон қилинган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 28 декабр куни вилоят ССБ мазкур масалада матбуот анжумани ўтказган, унда иштирок этган Давронбек Жуманиёзов ижтимоий тармоқда тарқалган хабарлар туҳмат эканини ва туҳматчилар тегишли жазосини олишини таъкидлаганди.

“Албатта, бу туҳмат. Бош врачларни мен тайинламайман. Вилоятдаги республика илмий марказлар филиаллари бошлиқлари вазирлик томонидан тайинланади. ТТБ бошлиқлари эса Argos тизими орқали танлов қилиб олинади ва мен ишга олиниш ҳақидаги буйруққа имзо чекаман холос.

Мени оғир жиноят содир этганликда айблаб, ёлғон ахборот тарқатган блогерларнинг барчаси устидан тегишли органларга арз қилганмиз. Уларга нисбатан суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, – деганди Давронбек Жуманиёзов.

Top