Жамият | 19:10 / 29.12.2021
26900
6 дақиқада ўқилади

Самарқанд ССБ бошлиғи ўзининг 80 минг доллар пора билан қўлга тушгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Фото: Kun.uz

Самарқанддаги халқ тилида «Хаваси» деб аталувчи шифохона Қорасув мавзесига кўчирилгач, унинг ўрнига вилоят кўп тармоқли шифохонаси кўчиб боради. Вилоятда хусусий тиббиёт муассасалари сони 60тага ошиб, 612тага етган. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилган матбуот анжуманида Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзов маълум қилди.

Бошқарма бошлиғининг сўзларига кўра, 2015-2016 йилларда тиббиёт муассасалари сони қисқартирилганда ёпилган 11-оилавий поликлиника фаолияти қайта тикланган ва Самарқанд шаҳрида поликлиникалар сони 12тага етган.

«Лекин бу шаҳар аҳолиси учун етарли эмас. 1та оилавий поликлиника 30–35 минг аҳолини қамраб олиши белгилангани ҳолда, масалан, шаҳардаги 2-оилавий поликлиника 80 минг аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Бу ҳол оилавий поликлиникалар сонини оширишни тақозо этади. 2026 йилгача Самарқанд шаҳрида яна 4 та янги оилавий поликлиника қуриб фойдаланишга топширилади ва уларнинг сони 16 тага етказилади», — деди бошқарма бошлиғи.

Вилоятда бирламчи тиббий-санитария ёрдами фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 6 та оилавий шифокорлик пункти ва 5 та оилавий поликлиника очилган. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 43 та оилавий поликлиника 5,1 млрд сўмлик ЭКГ ва УТТ аппаратлари билан жиҳозланди.

Айни пайтда вилоятда патронажлик тизимидан воз кечилган. Уларнинг ўрнига вилоятдаги 1105 та маҳаллага тиббий бригадалар бириктирилган, «маҳаллабай» ишлаш тизими жорий қилинган.

«Аҳоли тўрт тоифага бўлинган: соғломлар, соғлом турмуш тарзига амал қилмайдиганлар, беморлар ва ётиб қолган ҳамда доимий парваришга муҳтож ногиронлар ва оғир беморлар. Сўнггилари аҳолининг 30–33 фоизини ташкил қилади. Тиббий бригадалар касаллар ва ёрдамга муҳтожлар ҳолидан мунтазам хабар олиб, касалликка учрамаган соғлом инсонлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан шуғулланишади», — деди Д.Жуманиёзов.

Вилоятда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўрнига мақсадли скрининг усулидан фойдаланилмоқда. Онкология, эндокринология ва кардиология касалликларини аниқлаш учун колпоском, УТТ ва бошқа ускуналар билан жиҳозланган 3 та автобус — мобил поликлиника фаолияти йўлга қўйилди.

Вилоятда онкологик, травматологик касалликларни даволаш борасида ҳам қатор янгиланишлар амалга оширилди. Онкологик касалликларни даволашга мўлжалланган вилоят шифохонасида 20 йилдан бери нур терапияси ускунаси ишламас эди. Айни пайтда 2 миллион еврога 2 та ички ва ташқи нур терапияси аппарати келтириб ўрнатилган.

Шу шифохонага қўшни 3-сонли туғуруқ мажмуаси Панжакент кўчасидаги собиқ коллеж биносига кўчирилиши, туғуруқ мажмуаси бинолари онкология шифохонасига берилиши белгиланган. Режада эса онкология касалликларини даволаш ва операция қилиш бўйича Москвадаги етакчи клиникалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш белгилаб олинган.

Вилоятда 12 та республика ихтисослаштирилган марказлари филиаллари фаолияти йўлга қўйилиб, хорижий давлатларда фаолият олиб бораётган 36 нафар етук ва малакали мутахассислар мазкур филиалларда ишлаш учун қайтарилди.

Кардиология марказига 30 млрд сўмлик 48 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар ўрнатилди ва марказга хорижда фаолият олиб борган 19 нафар ватандошлар ишга олинди. Жорий йилда марказда 3 мингдан ортиқ очиқ ва 6 мингдан зиёд беморларнинг юрагида ёпиқ мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Шу жумладан, болаларда 1000 дан ортиқ юракда очиқ операциялари ўтказилди.

Айни пайтда Ургут ва Иштихон туманларида кардиологик касалликларни даволаш учун янги шифохоналар корпуслари қурилиб, юракка стенд ўрнатиш каби операциялар туманларда ҳам амалга оширилиши режалаштирилган.

Д.Жуманиёзовнинг таъкидлашича, 2021 йилда кардиология касалликларини даволовчи 13 мутахассис тайёрланмоқда. 2023 йилда бундай мутахассисларни тайёрлаш кардиология марказининг ўзида йўлга қўйилади.

2021 йил давомида вилоят болалар кўп тармоқли шифохонасида қўшни вилоятлардан 14 минг бола даволангани санаб ўтилди. Вилоятда кардиохирургия, гематология, болалар учун гемодиализ, болалар нейрохирургияси, чақалоқлар хирургияси, чақалоқлар реанимацияси бўйича хизматлар йўлга қўйилган.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Воҳидов номидаги Республика хирургия марказининг филиали очилиб, илк бор 10 нафар беморда буйрак трансплантацияси жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Келгусида бу борада туркиялик мутахассислар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилади. 4 нафар мутахассис малака ва тажриба ошириш учун Туркияга юборилади.

Буйрак етишмовчилиги билан азият чекаётган беморлар учун гемодиализ муассасалари сони 2 тадан 5 тага кўпайтирилди. Шундан 2 таси ҳудудларда (Каттақўрғон ва Ургут шаҳарларида) ташкил этилган.

Вилоятда хусусий тиббиёт муассасалари сони ўтган йилгига нисбатан 60 тага ошди, яъни 550 тадан 612 тага кўпайди.

Вилоят тиббиёт муассасаларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш учун 2021 йилда 334,9 млрд сўм маблағ ажратилди. Дори-дармонга ажратилаётган маблағлар миқдори 107,5 млрд сўмни ташкил қилди.

Анжуман сўнгида Д.Жуманиёзов мухбирларнинг саволларига жавоб берди.

Жумладан, Kun.uz мухбирининг электрон поликлиника тизими жорий этилиши нега пайсалга солинаётгани ҳақидаги саволига бошқарма бошлиғи айни пайтда кадрлар ва моддий-техника базаси етишмаслиги, бу тизимни самарали йўлга қўйиш учун 8000 та компьютер, шунга яраша IT мутахассисли ҳамширалар, ишончли тармоқ ва маълумотлар базаси зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Интернет тармоқларида тарқалган, бошқарма бошлиғи Д.Жуманиёзов бош врачликка ишга қўйиш учун шифокордан 80 минг АҚШ доллари миқдоридаги пора билан қўлга тушганлиги ҳақидаги хабарлар юзасидан ҳам тушунтириш берди.

«Албатта, бу туҳмат. Бош врачларни мен тайинламайман. Вилоятдаги республика илмий марказлар филиаллари бошлиқлари вазирлик томонидан тайинланади. ТТБ бошлиқлари эса Agros тизими орқали танлов қилиб олинади ва мен ишга олиниш ҳақидаги буйруққа имзо чекаман холос.

Мени оғир жиноят содир этганликда айблаб, ёлғон ахборот тарқатган блогерларнинг барчаси устидан тегишли органларга арз қилганмиз. Уларга нисбатан суриштирув ишлари олиб борилмоқда», — деди Д.Жуманиёзов.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид