Ўзбекистон | 15:39 / 31.12.2021
21507
4 дақиқада ўқилади

Радиация билан яшаётган ҳудуд — “Манзил”да хавфли макон

Бу қишлоқда яшаб, у ердан кўчиб кетган руслар, орадан бир икки-йил ўтиб вафот этган. Қишлоқдаги конда ишлаганлар эса у ердан қандай модда қазиб олиниши, у нимага ишлатилиши ҳақида умуман билишмаган. “Манзил” лойиҳасининг махсус сони – узоқ йиллар сир сақланган ва кўплаб одамларга зарар келтирган кон ҳақида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

“Манзил” лойиҳасининг навбатдаги сони Наманган вилояти Поп туманидаги Қасарак қишлоғида тасвирга олинди. Режамиз – қишлоқнинг ўзи, у ердаги инсонлар ҳақида сизга етказиш эди. Тасвирга олиш жараёнида учратган ташландиқ кон эса режаларимиз бошқа томонга ўзгаришига сабаб бўлди.

Келинг, аввало, Қасарак қишлоғи ва унинг оддий одамлари ҳақида гаплаша қоламиз. Бизни ҳайратлантирган ва ҳатто кўплаб саволлар уйғотган уран кони ҳақида эса бир оздан сўнг айтиб берсам.

Қасаракда юзга яқин хўжалик истиқомат қилади. Аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланади ва чет элда ишлайди. Қишлоқ тўлиқ тоғ билан ўралган.

Қишлоқда бизни қийнаган ҳолат алоқа ёмонлиги бўлди. Бу масала қишлоқликларни ҳам анчадан буён қийнаб келар экан.

Тоғда қўй боқиб юрган болалар олдига боришга қарор қилдик. Тоққа чиқишимиз режаларимизни ўзгартириб юборди. Қўй ва эчкиларини боқиб юрган Шоҳжаҳон ҳамда Оғабек исмли болаларни суҳбатга тортдик. Болалар тоғда эски кон туннели борлиги ва унинг узунлиги сал кам 150 метрга етишини айтди. Кон ўтган асрнинг 60-йилларида очилган ва кейинчалик шундай ташлаб кетилган.

Маълум бўлишича, Қасаракка яқин Чоркесар қишлоғида жуда катта уран кони фаолият юритган. 1950 йилларда очилган кон 1985-1990 йилларга келиб қазиб олиш камайган ва фаолиятини тугатган. Ҳолатнинг қизиқлиги шундаки, умрининг катта қисмини ўша конда ўтказган Раҳмонали Ҳайдаров ва унинг ҳамкасблари у ердан қандай модда қазиб олиниши, у нимага ишлатилиши ҳақида билишмаган. Кон раҳбарияти ҳам бу маълумотни сир сақлаган.

Кон ва унинг атрофидаги қишлоқ таъминоти тўғридан тўғри Москвадан олиб борилган. Ҳатто Попдаги бирор бир соҳага аралашмай қолмаган, донғи бутун республикага ёйилган Аҳмаджон Одилов ҳам кон ишига умуман аралашмаган.

Биз эса ташландиқ конни излаб, тоғ оралаб йўлга чиқдик. Аслида кон икки нуқтада фаолият юритган: бири аҳолига яқин жойда, иккинчиси тоғлар орасида. Биз, аввало, тоғ орасидаги кон қолдиқларини топишга ҳаракат қилдик.

Аслида уран қазиб олинган ҳудуд радиация майдони ҳисобланади. Кон ҳудудига кириб боришда буни кўрсатиб турувчи белгилар ўрнатилган.

Мустақилликка эришилгандан сўнг, ҳудудда радиация борлиги ва бу ерда яшаш ҳаёт учун хавфли экани маълум қилинган. Орада конга яқин ҳудуддаги аҳолини бошқа жойга кўчириш бўйича ишлар ҳам бошланган, аҳоли кўчишни хоҳламагани сабабли кўчириш ишлари тўхтатилган. Шундай бўлса-да, радиация атрофида яшаш ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Ҳа, уран кони асорати инсон соғлиги учун катта зарар ҳисобланади. Афсуски, собиқ иттифоқ давридан Ўзбекистон ҳудудида 4 млн тонна радиоактив чиқинди сақланиб қолган.

Бу чиқиндилар жойлашган ҳудудларда экологик соғломлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида Европа Тикланиш ва тараққиёт банки, Европа Иттифоқи ҳамда қатор давлатларнинг ҳомийлиги ёрдамида 2 млн евро миқдорида биринчи грант ажратилиши бўйича қарор қабул қилинган.

Ушбу ҳаракатлар оз бўлса-да радиация зарарни пасайтиришга хизмат қилади деган умиддамиз.

Тоҳиржон Турсунов,
Боймирза Халилов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус.

Мавзуга оид