Тошкентда ажиотаж: нега дам олиш масканларида катта тирбандликлар юзага келмоқда?
Дам олиш кунларида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги дам олиш масканлари ва паркларда узун навбатлар, тирбандликлар юзага келди. Тошкент дам олиш ва туризм учун ноқулай жойга айланиб бормоқда гўё.
Ўзи нима гап?
Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми янги йил муносабати билан кетма-кет 5 кун – 31 декабрдан 4 январгача дам олди.
Дам олиш кунларида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги дам олиш масканларига ташриф буюрувчилар сони кескин ортди. Натижада йўлларда транспорт воситалари билан боғлиқ тирбандликлар юзага келган бўлса, Тошкент шаҳридаги айрим парклар ва кўнгилочар марказларда одамлардан иборат тирбандлик ажиотажи кузатилди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Амирсой тоғ-чанғи курортида кузатилган узун навбатлар, Тошкент вилоятидаги тоғ курортларига элтувчи йўллардаги тирбандликлар ва Тошкент шаҳридаги Magic city паркига тумонат одам йиғилгани акс этган.
Бу ҳолатлар бир саволни ўртага чиқармоқда: Тошкентда дам олиш масканлари сони етарлими? Байрамлар пала-партишлик ва тиқилинчларда ўтмаслиги учун нима қилиш керак?
Kun.uz айни шу саволлар билан мутахассисларга юзланди.
“Аҳоли ёввойи табиатга интилиши нормал ҳолат, лекин бизда баланс бузилган”
Архитектор Тахмина Турдиалиева:
— Тошкент аҳолиси ўсиб бормоқда, ҳозир аҳолини турар жой билан таъминлаш масаласига эътибор қаратиляпти. Лекин турар жойдан ташқари шаҳарда кўп инфраструктуралар бўлиши керак. Асосийларидан бири ёввойи табиат фрагментлари – сокин боғ, ўрмончалар. Шунда табиат қўйнига қочиш балансга келади.
Бизда ҳозир ҳамма парклар кўнгилочар паркларга айлантириляпти. Сокин ва ёввойи парклардан фақат Ботаника боғини мисол қилиб келтиришим мумкин.
Кейин, шаҳарда ҳамма қулайликлар бўлган тақдирда ҳам, аҳоли баъзида шаҳардан чиқишга интилади, бу табиий ҳолат, шунинг учун шаҳар атрофида бўлиши керак бўлган инфратузилмалар бор. Мисол учун, шаҳарнинг яшил белбоғи. Шу белбоғ ичида ҳар хил сокин масканлар яратилиши керак. Бу белбоғнинг асосий функцияларидан бири – шаҳар аҳолисини ёввойи табиат билан таъминлашдир.
Сокин боғлар ҳаммаси ўйин-кулги боғларига айлантирилишининг сабаби – пул келтирмаслиги. Ўзини ўзи таъминласин деб тадбиркорлик функциялари жойлаштириляпти.
Савол туғилади, нимага давлат жамоат боғларини таъминлашга пул ажратмайди?!
Аҳоли тўлаётган солиқларнинг бир қисми айнан қаровсиз боғларга сарфланиши керак, деб ҳисоблайман. Агар сокин боғларни таъминлашга пул ажратиб бошланса, шаҳарларимизда яшаш анча ёқимлироқ бўлар эди. Бу энди сиёсат…
“Йўлдаги тирбандликлар автотураргоҳлар етишмаслиги билан боғлиқ”
Абдурасул Абдухалилов, “Turon travel” компанияси асосчиси:
— Илгари бизда туризм деган тушунча шаклланмаган, халқимиз дам олишга кўп ҳам қизиқиш билдирмас эди. Президент сиёсатининг бир бўлаги бу одамларни яхши яшаб, дам олишга ўргатиш бўлди. Бу ички туризмнинг кучайишига сабаб бўлди. Бунинг оқибатида биз миллионлаб туристларни қабул қилишга тайёр эмаслигимизни кўрдик.
Масалан, 2021 йилнинг ўзида ички туризм статистикаси 6 миллион турист Бўстонлиққа дам олиш учун келганини кўрсатди. Беш йил олдин – 2016 йилда умумий 1,5 миллион турист келган, бу 4 баробар ўсиш дегани. Ички туризмда чет эллик туристларнинг сони бу даврда 100 мингдан 500 мингга ошди. Келажакда бундан катта сайёҳлар оқимини қабул қилиш масаласи юзага келади.
Йўлларни реконструкция қилиш ишлари бошланган, йўллар Чорвоқ томондан кенгайтириб келинмоқда.
Тирбандликлар дам олиш зоналарида автотураргоҳлар етарли эмаслиги, объектга нисбатан тўғри ҳисоб-китоб қилинмагани боис юзага келмоқда. Биринчи тўхташ жойида янги паркларнинг олдида қурилган “парковка”лар келувчи машиналар сонига нисбатан етарли эмас. Машиналар йўл четига жойлаштирилиши ҳисобидан тирбандликлар вужудга келмоқда. Объектлар ёнида машиналар турар жойи учун жойларни кўпроқ ажратиш керак, ёки объектлар режасини тузаётганда қаватли “парковка”лар учун жойларни тўғри тақсимлаш керак.
Келгусида Бўстонлиқ туманининг ўзида 50 дан ортиқ янги масканлар: меҳмонхона, даволаниш санаториялари, парклар қурилади, уларда ҳам шу масалага эътибор қаратиш керак.
Тошкент шаҳрида ҳам шу муаммо: парклар ва дам олиш зоналарида автотураргоҳлар талабга жавоб берадиган даражада қилинмаган. Бутун дунёда тирбандликлар шу муаммо билан боғлиқ. Анқара, Вашингтон, Путражая (Малайзия) каби туризм пойтахтларида биринчи навбатда автотураргоҳларнинг қурилган бинога мутаносиблигига эътибор қаратилган.
“Тадбиркорларга сигнал: талаб ҳали тўлиқ қондирилмаган”
Дилшод Одилов, Туризмни ривожлантириш ассоциацияси раиси:
— Охирги йилларда маҳаллий туризмга ҳам қизиқиш аввалгидан анча кучайиб бормоқда. Бунга пандемия шароити ҳам қайсидир маънода туртки бўлди, дейиш мумкин. Кўплаб давлатларда дам олишга чиқиб юрган юртдошлар ўша давлатларга чиқиш имконияти бўлмаётгани сабабли ҳам оилалари билан маҳаллий туристик масканларга кўпроқ борадиган бўлишмоқда.
Шу жумладан, Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Чимён, Амирсой каби жойларга ҳам талаб аввалгидан кучайган. Турист оқимининг кўпайиши табиий равишда инфратузилманинг такомиллашишига эҳтиёж яратмоқда. Тошкентдан чиқиб кетиш учун Янги Ўзбекистон боғи тарафдан янги йўл тушиб, бирмунча қулайлик бўлди. Аммо йўлнинг охиригача бир хил оқимни кўтара олмаслиги тирбандликлар келтириб чиқараётгани ҳам ҳақиқат.
Амирсойдаги нархларнинг ўта юқорилиги ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу тадбиркорларга ўзига хос сигнал вазифасини ўташи керак. Демак, бундай дам олиш жойларига эҳтиёж катта ва талаб ҳали етарлича қондирилмаган.
Тадбиркорларга замонавий дам олиш зоналари учун янада кўпроқ ерлар ажратиб берилиши керак, деб ҳисоблайман.
Аммо туристик маҳсулот тўлиқ жозибадорлигини сақлаб қолиши учун фақатгина дам олиш масканининг ўзини муҳташам қилиш етарли эмас. У жойларга олиб бориладиган йўллар кенгайтирилиши керак.
Алтернатив транспорт воситалари ҳам йўлга қўйилиши керак. Комфортли, панорамик ойналарга эга поездлар чет элларда жуда оммабоп транспорт воситаларидан ҳисобланади. Ундан ташқари, вертолёт йўналишини ҳам ташкиллаштириш мумкин. Талаблар осонлаштирилса, бу йўналишда тадбиркорлик қила оладиган тадбиркорлар етарлича топилади.
Шу билан биргаликда, дам олиш зоналаридаги тозалик масаласига ҳам эътибор бериш лозим. Масалан, Чимён тоғ-чанғи ҳудудида ахлат қутилари етарли бўлмагани учун фуқароларга ноқулайлик туғилади. Чорвоқ сув омбори пляжларида ҳам шу ҳолат.
Вазият тақозоси билан кучайиб қолган талабни яхши инфратузилма ва яхши шароит яратиш орқали ушлаб қолинса, бу йўналишда йиллар давомида ҳам маҳаллий, ҳам чет эллик туристларга хизмат кўрсатиб бориш мумкин.
“Одамларга алтернативлар таклиф қилиш лозим”
Абдурасул Абдухалилов:
— Бизда дам олиш учун ўзига хос алтернативлар бор, бу – музейлар. Бутун дунёдаги ихтирочи шахслар музейларни кўрмасдан янгилик яратмаган. Ўзимиздаги бор музейларни такомиллаштириш ва янги замонавий музейлар ташкил қилиш керак. Паркларнинг яхши рекламасини тадбиркор қиляпти, лекин ҳукумат ташкил қилиб қўйган музейлари тарғиботини тўғри қилиш керак. Музейларни кўрган болалар яратувчан бўлади. Нафақат туризм вазирлиги, балки бунда маданият вазирлигининг ҳам ўрни бўлиши керак.
Дам олиш кунларидан фойдаланиб, ота-оналар болаларини музейларга олиб борса, ундаги инструментлар тавсифларини болаларига тушунтириб беради. Бизда фақатгина ўйин-кулги дам олиш манбайи бўлиб қолмоқда. Алтернатив дам олиш масканлари тарғиботини кучайтириш керак.
Одамлар музейларни кўрмаса, бу халқдан яратувчилар чиқмайди. Аллақачон қўшниларимизда ҳам замонавий музейлар ташкил қилинган, бизда бу йўналишга жиддий эътибор қаратилиши керак. Эски музейлардан ҳам кўп нарса олса бўлади. Санъат музейлари бор, нега бизда дам олиш кунлари болаларимизни санъат музейига олиб бориш маданияти шаклланмаган? Буни тадбиркор қилмайди, чунки бундан унга пул келмайди. Буни давлат қилиши керак.
Аҳоли ва ресурслар…
Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Тошкент шаҳри аҳолиси 2016 йил январ ойида 2 миллион 393 минг нафарни ташкил қилган. 2021 йил охирида пойтахтда доимий яшовчи аҳоли сони 2 миллион 840 минг кишига етиб, ушбу даврда Тошкент аҳолиси қарийб 500 минг нафарга кўпайган. Бироқ кўриниб турибдики, пойтахтдаги дам олиш масканлари сони аҳоли ўсишига мутаносиб эмас.
Kun.uz Ўзбекистондаги дам олиш масканлари сони ва охирги йиллардаги ўсиш тенденцияларига оид маълумотларни сўраб Статистика қўмитасига мурожаат қилди, қўмита бундай маълумот шакллантирилмаганини маълум қилди.
Мавжуд вазият эса аҳоли сони ва дам олиш масканларига талаб ортиб бораётган бир вақтда Тошкент шаҳри ва вилоятида бундай объектларни кўпайтириш, мавжудларини такомиллаштиришга зарурат борлигини кўрсатмоқда.
Мадина Очилова тайёрлади.
Мавзуга оид
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
17:26 / 08.11.2024