Ўзбекистон | 17:56 / 20.01.2022
3388
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz’нинг икки журналисти Экоқўмита жамоатчилик кенгаши таркибига кирди

Экология қўмитасида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда қўмитанинг янги сайланган раиси Нарзулла Обломуродов қўмита қошида жамоатчилик кенгаши тузилиши муносабати билан кенгашга аъзо бўлиш учун таклиф қилинганлар билан мулоқот ўтказди.

Фото: Экология қўмитаси

“Жамоатчилик кенгаши аввал ҳам бўлган, лекин низомга мувофиқ бу кенгаш таркиби ҳар икки йилда кўриб чиқилиши ва лозим бўлса янгиланиши керак. Аммо 3 йил бўлдики, кенгаш эски таркибда фаолият кўрсатаётган эди. Бугун таркибни янгилаш, унга фаол, экология ва табиатни севадиган, ушбу йўналишда ҳақиқатан ҳам амалий ишлар қилаётган турли соҳа вакилларидан иборат янги кенгаш тузишни мақсад қилдик. Кенгашга ёши, жинси, миллати, фаолият туридан қатъи назар, исталган одам аъзо бўлиши мумкин, фақат битта критерий қўйилади: соҳани тушуниш ва фаоллик”, деди қўмита раиси.

Янги таркибдаги кенгаш аъзолари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги муаммолар ва уларни бартараф этиш борасида фикрлашдилар, таклифлар билдирдилар. Кенгашни мувофиқлаштириш учун телеграмда аъзолардан иборат гуруҳ тузиш, имкон қадар тез-тез йиғилиб, юзма-юз фикрлашиш, мавжуд муаммоларга эътибор қаратиб, тезкор ҳал қилишда кўмаклашиш каби мақсад ва вазифалар белгиланди.

2021 йилда қўмита томонидан экология соҳасини энг кўп ёритган деб топилган Kun.uz сайтидан ҳам икки нафар журналист кенгаш аъзолигига қабул қилинди. Эндиликда Бобур Акмалов ва Илёс Сафаров ушбу йўналишда Экоқўмита билан янада яқин ҳамкорлик қилади.

Шунингдек, кенгашдан депутатлар Расул Кушербоев ва Камол Жуманиёзов, биолог ва зоолог олимлар, вазирлик ва идоралар, ОЎЮ, НТТ, бизнес, банк ва бошқа соҳа вакиллари ўрин олди.

Мавзуга оид