Экология қўмитасининг Чилонзор тумани Бунёдкор кўчаси 7-а уйда жойлашган (“Новза” масжиди ёнида) биноси қурилиши 2020 йилда бошланган. Ўша пайтда қўмитага Шавкат Абдураззоқов раҳбарлик қилган (у ҳозир Наманган вилояти ҳокими), лойиҳа-смета ҳужжатлари ва харажатлари ўша даврда тасдиқланган.

Қурилиш ишлари учун “Shuhrat Maksimal Servis” МЧЖ тендер асосида танлаб олинган. Бу МЧЖ бир қанча корхоналарни қурилиш жараёнига субпудратчи сифатида жалб этган. Жумладан, бинога лифтлар ўрнатиш ва иншоотнинг фасадини пластик панеллар билан қоплаш 2021 йилда тузилган, қиймати 500 ҳамда 235 миллионлик шартномалар асосида “Doston Akfa Plus” МЧЖга топширилган.

Давлат экология қўмитасининг биноси 

“Doston Akfa Plus” раҳбари Интизор Абдалниёзованинг айтишича, раҳбарларнинг талаби ва харажатларни қоплаб бериши ҳақидаги оғзаки ваъдасига ишониб, смета ҳужжатларидагидан зиёдроқ хизматлар кўрсатилган.

“Мен иш олиб борган даврда корхонада 3 та раис алмашди. Уларнинг биринчиси лифтларни тилларанг қилиб беришимизни сўраган бўлса, янгиси келиб, металлрангга ўзгартиришимизни талаб қилди. Уларнинг талабини бажарганмиз. Ўша пайтда сметага ўзгариш ҳам киритилганди. 2021 йилнинг охирида Экология қўмитаси раиси фойдаланадиган лифт ишга туширилган. Иккинчи лифт ҳам 95 фоиз қуриб битказилганди. Раис ўзгарса, тадбиркор жабр кўрсин деган жойи йўқ-ку.

Муаммо шундаки, 2021 йилдаёқ ишни 95 фоиз тайёр ҳолатда топширишимга қарамай, бугунги кунгача уни мендан қабул қилиб олишгани йўқ. Тендерда ютган, бизни ёллаган қурилиш корхонаси банкротлик ҳолатини эълон қилган. Сабаби Экоқўм “Shuhrat Maksimal Servis” МЧЖга 9 млрд сўм пулини тўлашни пайсалга солиб келмоқда. Шу сабабли мен ҳам шартномада келишилган пулнинг 358 млн сўмини ололмаяпман.

Жабр кўрганлар фақат мен эмас. Экология давлат қўмитаси ёнига борсангиз, пулини ололмаётган тадбиркорлар симёғочга терилиб ўтирган қушлардек раҳбарнинг йўлини пойлаб ўтирганини кўрасиз”, дейди тадбиркор.

Интизор Абдалниёзова, “Doston Akfa Plus” МЧЖ раҳбари / Фото: Kun.uz

Тадбиркор лифт пулини вақтида тўлолмагани учун етказиб берувчи ташкилот уни судга берганини, бу ҳақда Экология давлат қўмитасига ёзган 11 та мурожаатининг бирортасига ҳам жавоб берилмаганини айтади.