Жамият | 19:37 / 23.01.2022
13100
12 дақиқада ўқилади

«Муаммо ҳали очиқ» — блогерларнинг ҳафта мавзулари

Kun.uz якунланган ҳафтада ўзбек блогосферасида муҳокамаларга сабаб бўлган мавзуларни жамлади.

«Минглаб тадбиркорларнинг тепада таниши йўқ»

Ҳафта бошида Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев солиқ маъмурчилигидаги янгиликлар юзасидан тадбиркорлар эътирозлари кўпайиб бораётгани боис ОАВ билан учрашди. Анжуман ижтимоий тармоқ фаолларининг танқидларига учради. Айниқса, Қудбиев йирик компанияларга берилган имтиёзлар хусусида савол берган журналистга «халқ номидан гапирмаслик»ни уқтиргани эътирозларга сабаб бўлди.

Davletov.uz канали муаллифи эътиборни асосий муаммо – тадбиркорларни қийнаётган масалага қаратишга чақирди.

«Бундан анчагина олдин, Давлат солиқ қўмитаси раисининг аудиоси тарқаган эди. Ўшанда у Тепадан бўлган қўнғироқ сабабли ўз ходимларини роса сўккан эди. Масала қайсидир катта тадбиркор ҚҚС бўйича возврат ололмагач, Тепага телефон қилган, Тепа қўмита раисига чиққан. Кейин қўмита раиси «самимий» узр сўраган эди (Биз бу аудиони каналимизда эълон қилмаганмиз, қадриятларимизга тўғри келмайди, деб ҳисоблаганмиз).

Бугун Давлат солиқ қўмитаси раисининг оммавий ахборот воситалари учун берган матбуот анжумани жуда кескин ўтибди, раис умуминсоний мезонларда қараганда ўзини анча қўпол тутган. Раис давлат хизматчиси сифатида эмас, ўрта асрлар чиновнигидек муомала қилган. Бундан ҳамкасбларимизнинг дили анча хира. Лекин биз мана шу дилхиралик ортидан асосий темадан чалғимасликни истардик.

Ўн минглаб ўзбекистонлик тадбиркорларнинг тепада таниши йўқ, улар тепага телефон қилолмайди, тепа қўмита раисини сўкмайди. Чунки ўн минглаб тадбиркорларнинг танкаси йўқ, уларнинг сайлаган депутатлари йўқ. Уларнинг номидан конституцияда ваколат берган одамлар гапира олмайди. Ёки уларга етишнинг иложи йўқ. Шундай бўлса-да, яна темадан чалғишни истамасдик. Ўнта матбуот анжумани бўлса-да, тадбиркорларнинг фаолияти енгил бўлиб қолмайди», деб ёзди блогер.

У сиёсий ечим зарурлигини таъкидлаган:

«Тадбиркорларимиз жиддий муаммога дуч келишмоқда. Буни журналистлар, блогерлар бўрттираётгани йўқ, муаммо жиддий, тадбиркорлар айюҳаннос солмоқда, ОАВ, журналистлар, блогерлар шунчаки хавотирга тушаётган, олдида жиддий муаммолар юз келаётганини ҳис қилаётган тадбиркорлар фикрларини сал қофияга солиб эълон қиляпти. Муаммо журналистлар, блогерларда эмас. Муаммо тадбиркорлар учун қарийб иложсиз ва бир томонлама жорий қилинган маъмурчиликда, уни ишлаб чиққан ва жорий қилаётган ижрочиларда. Ўзбек халқи доно халқ, у ҳамма нарса ўткинчи эканлигини билади, лекин яна эски нуқтадан бошлаш озгина аламли, холос. Бизга сиёсий ечим керак».

«Халқ халқ бўлиб савол беришидан қўрқиш керак»

Блогер Шаҳноза Соатова бу фикрларга қўшилишини билдириб, тадбиркорлар беқарор солиқ қонунчилиги билан ишлай олмаслигига эътибор қаратди.

«2017 – 2020-йилларда эски Солиқ кодекси 28 та қонунлар билан 288 турдаги ўзгаришларга учраган, яъни Кодекснинг деярли 70 фоизи ўзгарган. 2020 йилдан бошлаб ишлай бошлаган янги таҳрирдаги Солиқ кодексига ҳам икки йил ичида 15 та қонунлар билан 150 турдаги ўзгартиришлар киритилган.

Шундай беқарор солиқ қонунчилиги билан қайси тадбиркор рискларни баҳолаб, бизнесни режалаб, тўғри прогнозлаштириб ишлай олади?

Давлетовузнинг фикрларига тўлиқ қўшиламан. Амалий ҳаракат керак, тушунтириш билан иш битмайди», деб ёзди у.

Бироқ Шаҳноза Соатова матбуот анжумани ўз вазифасини бажармагани, тадбиркорлар билан мулоқот қилиш кераклигини таъкидлади:

«Умуман олганда, бугунги матбуот анжуманини   мақсадли аудитория билан мулоқот деб бўлмайди. Ютубда жонли узатув пайти айнан шу солиқлар бошига тушган тадбиркорлар шарҳларда ёзиб қолдирган саволларга жавоб бериш керак. Тадбиркорлар, иқтисодчилар билан мулоқот қилиш керак. Солиқ схемаларини ҳамма журналистлар ҳам тушуниб, зарур саволни бера олмаслиги мумкин. Шунга «асосий масала қолиб…» деб бошланувчи таъналарга ҳам қўшилмайман. Чунки тадбирда асосий масала ҳақида кам гапирилди, тадбиркорларнинг Кодексга киритилган ўзгартиришлар тўғрисидаги норозиликлари фокусда турмади, лейтмотив бўлмади. Бошқаттан бошқа мулоқот керак, мақсадли аудитория билан».

Иқтисодчи Юлий Юсупов ДСҚ ва Молия вазирлиги мутасаддилари Савдо-саноат палатасида бизнес вакиллари ва экспертлар билан учрашгани ҳақида ёзиб, амалдорлар солиқ маъмурчилигига ўзгартиришлар киритишга ваъда бергани ҳақида умидли муждалар берди.

«Қудбиевча анжуман» борасида Kun.uz’га солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов ҳам ўз фикрларини билдириб, асосий муаммоларга тўхталди. Батафсил бу ерда.

«Мени хавотирга соладиган нарса шу-ки…»

UzAuto Motors АЖнинг 19 январгача тузилган шартномалар бўйича  Lacetti ва Cobalt автомобиллари мижозларга магнитоласиз етказиб бериши ҳақидаги хабарини тармоқларда шов-шув келтириб чиқарди. 

«Заметки экономиста» канали муаллифи, иқтисодчи Ботир Қобилов монополист эртага автомобилларни хавфсизлик камарисиз ишлаб чиқариши уни кўпроқ хавотирга солиши ҳақида ёзди. 

«Мени хавотирга соладиган нарса шундаки, бугун магнитола ўрнатмасдан истеъмолчига автомобил етказиб бераётган корхона эртага мабодо автомобилнинг бошқа қисмини, яъни инсоният тарихида энг муҳим ихтиролардан бири, миллионлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолаётган кичик қисмини - хавфсизлик камарини ўрнатмасдан чиқарса баъзи (кўпчилик?) истеъмолчилар уни сезмасликлари ҳам мумкин. Агар танлаш ҳуқуқи берилса, яъни автомобилнинг оддий комплектацияси хавфсизлик камарисиз чиқса, ва бу қисм учун шартли 20 доллар қўшимча тўлаш керак бўлса, баъзи (кўпчилик?) истеъмолчилар бундан воз кечишлари ҳам мумкинлиги хавотирга солади.

Тўғриси, автомобил ичида қандай қилиб хавфсизлик камарини тақмасдан ўтириш мумкинлиги сабаблари мен учун тушунарсиз. Кийимни ғижимлайдими? Юракни, нафас олиш органларини эзиб қўядими? Хунук кўринадими? Обрўни туширадими? Ёки шунчаки автомобилнинг бу қисми нима учун кераклиги ҳақида тушунча мавжуд бўлмаганми? Шахсан мен бошқарган автомобилда, қайси шаҳар/мамлакат бўлишидан, қоидавий талаблардан қатъи назар, ҳеч ким ва ҳеч қачон хавфсизлик камарини тақмаган ҳолда ўтиришига йўл қўйилмайди.

Маълумот ва эслатма сифатида: олди ўриндиқда ўтирган йўловчи/ҳайдовчи хавфсизлик камари тақилиши автоҳалокат натижасида ўртача ўлимга олиб келадиган жароҳатланиш эҳтимолини ва ўлим эҳтимолини 45-50 фоизга камайтиради. Кеча тақмаган бўлсангиз ҳам, эртага тўғри қарор қабул қиласиз деб умид қиламан», дейди у. 

«Жамиятдаги камбағаллик сабаблари бу нотўғри иқтисодий қарорлар»

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ўз блогида жамиятдаги хайрия тушунчаси ва одамлар бой бўлиши учун «хайрия»га қандай муносабатда бўлиши кераклиги ҳақида ёзди. 

«Ўзи хайрия билан камбағаллик камаймайди, лекин ҳукумат хайриясининг ёмон тарафи, камбағалликка курашаётганимиздек иллюзия яратади. Яъни ҳукумат камбағалликка хайрия билан эмас, бойишга бўлган тўсиқларни олиб курашиши керак. Лекин биз инсонмиз, биз бир кишига ёрдам бериб, уни камбағалликдан чиққанини кўрсак хурсанд бўламиз. Жамият миқёсидаги талафотни ҳеч нарса қила олмасак ҳам, бир одамга таом берсак, кўнглимизга таскин беради, худди катта иш қилгандек ўзимизни ҳис қиламиз. Афсуски, ижтимоий сиёсат бундай юритилиши тўғри эмас. Инсон ўз хайриясида бошқа одамни таомлантириши ёки уй бериши — жамиятдаги бу камбағаллик илдизини тузатмаса ҳам, берган одам учун бахт беради. 

Жамиятдаги камбағаллик илдизлари бу нотўғри иқтисодий қарорлар. Бир хил пайт, қасддан, тор гуруҳ 1 доллар топиши учун жамият минглаб доллар ютқазади. Масалан, божлар бунинг яққол мисоли. Имтиёзлар ҳам шу сценарийдан.

Яъни ҳақиқий камбағалликка қарши курашувчилар, бир одамга борини берса ҳам, бир нотўғри қонуннинг олдини олишичалик катта хизмат қила олмайди. Лекин бир иш кўринади, иккинчиси кўринмайди. Бир одамга уй қуриб берсангиз, у нарса кўринади, у одам қувонганини кўрасиз. Лекин нотўғри қарор йўқолишининг таъсирини кўра олмайсиз. Чунки шартли миллиардлик зарар бутун халққа тақсимланган бўлади, у кўринмас нарса.

Жамиятимиз хайрия деганда айнан шундай катта зарарларни бартараф этиши ҳақида ўйлаши ва ҳақиқий сахийлик деб шундай зараркунандаликка қарши курашни тушуниши керак. Юзта камбағални бир йил таомлантирган одамни сахий деймиз, лекин 35 миллион халққа миллиардлик зарарни йўқотаётган ислоҳотчиларни ундай демаймиз. Бир одам минг кишини боқиши мумкин, балки ўн минг кишини, лекин агар буни эвазига қолган 34 миллион инсон чўнтагидан бу пулни олса, бу нарсани ўз номи билан аташ керак», дейди иқтисодчи. 

Bakiroo канали муаллифи, иқтисодчи Отабек Бакиров бу сафар ташқи савдода Ўзбекистон Россия ва Хитой таъсиридан қутулиши муҳимлигига эътибор қаратди. 

«2021 йил якунларига кўра, ташқи савдо ҳажми 42,1 млрд долларга етган. Экспорт бироз камтар - 10,0 фоизга, 16,6 млрд долларгача ўсган, импортнинг ўсиши шиддатлироқ кечган - 20,4 фоиз, импорт ҳажми 25,5 млрд долларга етган. Ташқи савдо манфий салдоси 8,9 млрд долларни ташкил этган. Бу янги рекорд.

2021 йил кўрсаткичлари бўйича айрим мулоҳазалар.

Ташқи савдодаги улушда узоқ йиллик танаффусдан кейин Россия яна биринчи ўринга чиқиб олди (ўтган ойда импорт бўйича Хитойни ортда қолдирганди). Россиянинг Хитойни ортда қолдиришида биринчи навбатда Россия кредит ва қарзлари ҳаддан зиёд ўринга эга. Бошқача айтганда, Путин Россиясидан олган кредит ва қарзлар эвазига Путин Россиясининг товар ва хизматларини сотиб оляпмиз. Бу жуда ёмон тенденция. 

Россиядан ортда қолганига қарамай, Хитойнинг улуши ҳам юқори суръатда ортмоқда. Россия ва Хитойнинг ташқи савдодаги биргаликдаги улуши 35,6 фоизга етган (ўтган йили 33,2 фоиз эди). Бошқача айтганда, агрессия ва сиёсий элитани коррупциялаштириш асосий қадрияти бўлган бу икки давлатнинг Ўзбекистонга иқтисодий таъсири шиддат билан юксалмоқда.

Солиштириш учун, бешта бизга қўшнимизнинг ташқи савдодаги улуши 16,6 фоиз, холос. Бу Битта Россиянинг кўрсаткичидан ҳам, битта Хитойнинг ўзини олганда ҳам кам. Афсуски, Афғонистон ва Қирғизистоннинг ташқи савдодаги улуши ҳатто қисқарган. Бу ёмон. Биз кўпроқ қўшниларимиз билан савдо қилишимиз керак. Бу бойишнинг энг арзон ва афзал йўли», деб ёзди у. 

Шунингдек, иқтисодчи Евросиё иқтисодий иттифоқининг ташқи савдодаги улуши хавотирли эканлигини ҳамда иқтисодиётда давлат улушини камайтириш зарурлигини таъкидлаган: 

«Яна бир хавотирли тенденция - ЕОИИнинг ташқи савдомиздаги улуши 30 фоиздан ошган (ўтган йили 27 фоиз эди). Ўсиш асосан импорт ҳисобига тўғри келган. Советча мустамлакачиликнинг ва иқтисодий гегемониянинг янги шакли бўлган ЕОИИ иқтисодий суверенитетимизга реал хавф солмоқда.

2021 йилда пандемиягача бўлган даврдаги ҳолат - импортнинг ўта тез ўсиши яна тикланди. Ташқи савдода, айниқса импортда давлат ва давлат назорати остидаги компанияларнинг, давлат буюртмаларини ўзлаштираётган ва бошқа маҳаллийлаштириш ниқоби остидаги чўнтак субъектларнинг улуши ҳаддан зиёд. Улар учун импорт қиммат битимлар воситасида Ўзбекистондан капитални оқиб чиқиб кетиш воситасига айланган. Тезроқ иқтисодиётда давлатнинг иштирокидан қутулиш ва монополиялардан, зарарли маҳаллийлаштириш сиёсатидан воз кечиш ташқи савдони, салбий салдони мувофиқлаштириш воситасига айланиши керак». 

Мавзуга оид