Жамият | 13:58 / 23.01.2022
98337
4 дақиқада ўқилади

Солихон домла Ортиқхўжаев масжид ноиблигидан бўшатилди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент вилояти Зангиота тумани «Фатҳ» жоме масжидида имом ноиби вазифасида ишлаб келган Солихон Ортиқхўжаев ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда Солихон домла номи билан танилган ушбу имом ноибининг интернет тармоқларидаги кескин чиқишлари фуқаролар, айниқса, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлгани қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларида оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида фуқаролар, давлат, жамоат ва диний ташкилотларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи ахборот тарқатмаслик, салбий мазмундаги кескин мунозараларга сабаб бўлувчи чиқишлар қилмаслик талаблари қатъий белгилаб қўйилган.

Идора томонидан 2021 йил 30 ноябрда чиқарилган буйруқда диний соҳа ходимлари томонидан жамоат олдида, ОАВ, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда муайян шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган маълумот эълон қилиш Меҳнат кодексида белгиланган тартибда меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган интизомий чора кўрилиши қайд этилган.

«Солихон домла Ортиқхўжаев аҳоли, айниқса, Тошкент вилояти мусулмонлари орасида ҳурмат-эҳтиромга эга бўлгани эътиборга олинган ҳолда, 2021 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимига имом ноиби вазифасига расман ишга қабул қилинган эди. Мазкур имом ноиби халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондиришга, тақво, илм-маърифат, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлган исломий одоб-ахлоқ билан самарали хизмат қилади, деб умид қилинган эди.

Таассуфки, ўтган давр давомида диний идора Солихон домла Ортиқхўжаевнинг фаолиятидан кутилган натижаларни олмади. Домла биринчидан, аксарият вақтини турли ҳудудларда истиқомат қилувчи мухлислари таклиф этган тўй-маросимларга сарфлаб, иккинчи томондан, яшаш манзили узоқда эканини сабаб қилиб, бириктирилган масжидда тўлақонли ишлагани йўқ.

Энг асосийси, Солихон домла Ўзбекистон мусулмонлари идораси ички меҳнат тартиби, буйруқлари, шунингдек, имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ва меҳнат мажбуриятларида ахборот тарқатиш, маъруза қилиш масалаларида юқорида қайд этилган талабларга риоя эта олмади», дейилади идора матбуот хизмати хабарда.

Ўтган давр ичида Солихон домла ижтимоий тармоқларда диний соҳа вакили мақомига зид чиқишлари учун бир неча бор Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан огоҳлантирилиб, унга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилгани, Солихон домла 2021 йилда ўзининг чиқишларида амалдаги қонун талабларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган, аммо Солихон домла юқорида қайд этилган огоҳлантиришлардан тўғри хулоса чиқармагани таъкидланган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси 20 январь куни Меҳнат кодексининг 100-моддаси (меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш) асосида Солихон домла Ортиқхўжаев билан меҳнат шартномасини бекор қилиб вазифасидан озод этган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг билдиришича, илмга эга бўлмай ёки масалани чуқур таҳлил этмай, манбаларга таянмай айтилган ҳар қандай гап, ҳатто уни аҳли илм айтган бўлса ҳам, фатво ҳисобланмайди ва шаръий кучга эга эмас.

Мавзуга оид