Марҳаматда хусусий мулкка чанг солинмоқда. Ҳокимликка судлар “кўмаклашяпти”
Онлайн аукционда сотиб олинган объект ҳокимликнинг даъвоси билан қайтариб олинадиган бўлиб турибди. Ҳокимлик ҳимоясидаги кўзга кўринмас “тадбиркор”лар масалани ҳал қилишда судларга таъсир ўтказаётган бўлиши мумкин.
Асака туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 6 январдаги ҳал қилув қарорига асосан, “Асака парранда” МЧЖ банкрот деб эътироф этилиб, корхонани тугатишга доир иш юритув бошланади.
Суд бошқарувчисининг сўровига жавобан Давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилоят бошқармаси “Асака парранда” МЧЖ балансида инфратузилма объектлари мавжуд эмаслигини маълум қилади.
Шунга асосан, 2010 йилдан бери корхона мулки бўлиб келган “Ўқчи” сув олиш иншооти кредиторлар рухсати билан очиқ аукцион савдоларига жойлаштирилади ва сотилади.
2020 йил 26 ноябрда ўтказилган онлайн аукционда Жасурбек Мамаюнусов жами 1 млрд 159 млн сўмга “Асака парранда” МЧЖ балансидаги объектларни сотиб олади. Шу куни унга OA 103-037526-сонли ва OA 103-037514-сонли ғолиблик баённомалари расмийлаштириб берилади.
Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир ҳокимлик
Банкротлик иши-ю, тугатилаётган корхонага умуман алоқаси бўлмаган Марҳамат туман ҳокимлиги аукционда сотилган сув иншоотини инфратузилма объекти деб ҳисоблаб, кредиторлар йиғилиши қарорини ҳамда “Е-ijro” аукцион ғолиблик баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судга даъво аризаси киритади.
Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро суди 2021 йил 28 июндаги ҳал қилув қарори билан ҳокимлик аризасини тўлиқ қаноатлантириб, кредиторлар йиғилиш қарорини ҳамда “Е-ijro” аукцион ғолиблик баённомасини ҳақиқий эмас деб топади.
Ҳал қилув қароридан норози бўлиб, жавобгарлар Мамаюнусов Жасурбек ва “Асака парранда” МЧЖ тугатиш бошқарувчиси апелляция шикояти келтиради. Андижон вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 17 сентябр кунидаги ажрими билан апелляция шикояти қаноатлантиришдан рад этилади.
Жавобгарлар Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, қуйи инстанция судлари қарорларини бекор қилишни сўрайди. Аммо иш олий Олий судда ҳам ўзгаришсиз қолади.
Судлар нега далилларни инкор қилмоқда?
Суд қарорларида 2018 йилда Андижон вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида Марҳамат тумани Истиқлол массивида жойлашган сув сақлаш иншооти орқали қиймати 3 млрд 108 млн сўм бўлган, 3,16 км узунликдаги ичимлик суви тармоғи қурилгани айтилади. Бу орқали гўёки сув олиш иншоотига давлат томонидан “ўтказиб қўйилгани”га шаъма қилинади.
Бироқ буни қарангки, инжиниринг компаниясининг 2021 йил 27 октябрдаги хатида Марҳамат тумани Истиқлол массивида компания томонидан қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмагани маълум қилинади.
Шунингдек, судлар “Ўқчи” сув олиш иншоотини “Банкротлик тўғрисида”ги қонуннинг 130-моддаси 8-қисмига асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига топширилиши керак, деб топган. Қонунда қарздорнинг балансида белгиланганидан бошқа мақсадда, шу жумладан тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин бўлмаган ижтимоий ва коммунал инфратузилма объектлари бўлса, қарздор банкрот деб эълон қилинган пайтдан эътиборан бир ойлик муддат ичида улар қолдиқ қиймати бўйича тугатиш бошқарувчиси томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига топширилиши белгиланган.
Аммо сув иншооти “Асака парранда” МЧЖ томонидан паррандачилик мақсадида ишлатиб келингани инобатга олинса, уни тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин бўлмаган инфратузилма объекти, дейиш қанчалик тўғри?
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 18 апрелдаги 188-сонли қарорининг 1-бандида банкротлик тартиботи қўлланилган корхоналар ўз балансидаги инфратузилма объектларини – маҳаллий давлат ҳокимияти органларига Давлат активларини бошқариш агентлиги тақдимномасига кўра топшириши белгиланган. Бу қайси мулк инфратузилма объекти эканини Агентлик аниқлаши кераклигини назарда тутади.
Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 майдаги 291-сонли қарорида республикада ташкилотларга фойдаланиш учун берилган инфратузилма объектларининг рўйхати келтирилган бўлиб, уларда “Асака парранда” МЧЖга қарашли бўлган “Ўқчи” сув иншооти қайд этилмаган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилоят бошқармаси “Асака парранда” МЧЖ балансида инфратузилма объектлари мавжуд эмаслигини маълум қилганига қарамай, судлар ушбу объектни инфратузилма объекти, деб ҳисоблаётгани ўта баҳсли ва шу билан бирга ғоятда шубҳали масала.
Мурожаатчиларнинг айтишича, суд қарорларини бир томонлама, далилларни инкор қилган ҳолда қабул қилинишига мана шу мулкка эга чиқишни истаётган айрим шахслар ҳокимлик ва судлардан ғайриқонуний тарзда фойдаланмоқда.
Аукциондан мулк сотиб олган тадбиркорнинг судма-суд сарсон қилинаётгани Ўзбекистонда хусусий мулк дахлсизлиги оғриқли нуқталаридан бири бўлиб қолаётганини яна бир бор кўрсатиб турибди.
Ҳозирда судларнинг мантиқсиз қарорлари ортидан аросатда қолган тадбиркор бор умидини Олий суднинг такрорий кассация инстанциясига қаратган. Улар албатта адолат қарор топишига умид қилишмоқда.
Аббос Салайдинов
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
11:09 / 08.11.2024