Ўзбекистон | 08:02 / 29.01.2022
7726
3 дақиқада ўқилади

Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилганларга мукофот тўланади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан махсуc дастур орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганлиги ҳолатлари бўйича солиқ органларини хабардор қилган жисмоний шахсларга мукофот тўлаш тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Жисмоний шахслар томонидан аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари бўйича солиқ органларини хабардор қилиш солиқ органларининг “Soliq hamkor” махсус ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари солиқ органларини махсус дастур орқали хабардор қилган жисмоний шахслар учун бир марталик пул мукофоти шаклидаги рағбатлантириш белгиланади.

Жисмоний шахсларга аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари учун бир марталик пул мукофотини тўлаш Ўзбекистон миллий валютасида амалга оширилади.

Жисмоний шахсларга бир марталик пул мукофотини тўлаш харидорларга чек ёки унга тенглаштирилган ҳужжатларни тақдим этмасдан товарларни сотиш ва хизматларни кўрсатиш ҳолатлари тўғрисида ёки қалбаки маркировкалардан фойдаланиш ёки идентификация қилиш воситалари орқали мажбурий рақамли маркировка талаб этиладиган маҳсулотларда маркировка мавжуд эмаслиги ҳолатлари тўғрисида ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатлар тўғрисида солиқ органларини хабардор қилганлик учун амалга оширилади.

Аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари учун бир марталик пул мукофоти тарзидаги рағбатлантириш Солиқ кодексининг 221-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган солиқ ҳуқуқбузарликлари учун белгиланган жарималарнинг йигирма фоизи миқдорида белгиланади.

Махсус дастур орқали аниқланган солиқ ҳуқуқбузарликлари фактлари тўғрисида солиқ органларини хабардор қилган жисмоний шахсга тўлов айбдор шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган жарима тўлиқ тўланганидан кейин амалга оширилади.

Мукофотларни молиялаштириш айбдор шахсдан ундирилган жарималари ҳисобига қуйидаги тартибда амалга оширилади: ундирилган жариманинг 20 фоизи жисмоний шахсга тўлаб берилади; ундирилган сумманинг 80 фоизи қонунчиликда белгиланган тартибда давлат бюджети ва Солиқ қўмитасининг моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ўртасида тақсимланади.

Мукофотлаш қуйидаги шартларга бир вақтда амал қилган ҳолатда амалга оширилади: агарда жисмоний шахс томонидан тақдим этилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келадиган бўлса ва айбдор шахсга нисбатан солиқ органи ёки суднинг жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори қонуний кучга кирган бўлса; айбдор шахс томонидан қонунчиликда кўзда тутилган жаримани тўлаш тўлиқ амалга оширилган бўлса.

Аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари бўйича хабардор қилиш солиқ органларининг махсус дастури орқали қуйидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда амалга оширилади: содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарлиги; солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этган солиқ тўловчининг идентификация рақами; солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилган сана.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид