Жаҳон | 10:20 / 01.02.2022
9526
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Давлат департаменти дипломатларнинг оила аъзоларига Беларусни тарк этишни тавсия қилди

АҚШ Давлат департаменти Украина атрофида вазият кескинлашиши мумкинлиги сабабли ўз дипломатларининг оилаларига Беларусни тарк этишни тавсия қилди.

Фото: Reuters

«Давлат департаменти 2022 йил 31 январда давлат хизматчиларининг оила аъзоларига ушбу давлатни тарк этиш тўғрисида тавсия берди», — дейилади идора баёнотида. 

Қўшма Штатлар минтақадаги вазиятни «олдиндан айтиб бўлмайдиган» деб баҳолади ва америкаликларга Беларусга саёҳат қилишдан бош тортишни тавсия қилди.

Аввалроқ, 24 январь куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ, Буюк Британия, Австралия ва Германия Киевни айрим дипломатлар ва оила аъзоларининг кетиши ҳақида хабардор қилгани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ Канада ўз дипломатларини эвакуация қилишини эълон қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский дипломатларнинг мамлакатни тарк этишини хато деб ҳисоблашини айтди. Унинг таъкидлашича, Украина «Титаник» эмас. «Бу ҳурматли давлатлар ҳукуматларининг хатоси, дейишга ҳаққим йўқ. Менимча, бу биз учун, Украина учун хато», — деди президент. 

Кремль Киев ва ғарб давлатларини Донбассда провокациялар тайёрлашда айблаб, Россия Украинага бостириб киришни режалаштирмаётганини таъкидлаган. 

Мавзуга оид