Ўзбекистон | 16:30 / 05.02.2022
4193
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар портали ҳамда қонунчилик фаолиятига доир портал ишга туширилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қонун ижодкорлиги фаолияти тизимига доир портал ҳамда депутатлар портали ахборот тизимлари ишга туширилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов «Тараққиёт стратегияси» ҳақидаги мақоласида айтиб ўтган.

Спикерга кўра, стратегияда «Электрон парламент» доирасида депутатларнинг ўз сайловчилари билан мулоқот қилиши ва уларни қийнаётган муаммоларни муҳокама қилиш жараёнини рақамлаштириш бўйича ҳам вазифалар белгиланган.

«Бу борада Қонунчилик палатасида депутатларни ўз сайловчилари билан боғлаш, шу жумладан улар билан тўғридан тўғри мулоқот олиб бориш, амалга оширилаётган ишлар, кўриб чиқилаётган ҳужжатлар ва сайловчиларни қийнаётган муаммоларни муҳокама қилиш имкониятини берадиган «Қонун ижодкорлиги фаолияти тизими» https://qonun.gov.uz/uz/ ҳамда «Депутатлар портали» https://deputat.gov.uz/uz/ ахборот тизими ишга туширилди», - дейди Нурдинжон Исмоилов.

Айни вақтда ушбу икки платформа тест режимида ишламоқда. Депутатлар порталида OneID билан рўйхатдан ўтиш орқали ҳар бир ҳудуддан сайланган депутатлар ҳақида маълумот олиш, уларга мурожаат юбориш ёки қабулига ёзилиш мумкин.

Қонунчилик фаолияти тизими орқали эса қуйи палата муҳокамасига киритилган, келишувда бўлган, 3-ўқишда муҳокама қилинаётган ҳамда Сенатга юборилган қонунлар ҳақида маълумот жойланиши назарда тутилган. Ушбу платформа қачондан бошлаб тўлиқ ишга тушиши номаълум.

Ушбу тизимда Сенат учун ажратилган жой бўш турганини кўриш мумкин.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси йўлга қўйилган электрон ҳужжат айланиши тизими такомиллаштирилиб, «Электрон парламент» тизимини яратиш борасида ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, стратегия доирасида халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларида айрим депутатларнинг доимий асосда ишлаши тартиби жорий этилади.