Жаҳон | 22:04 / 14.02.2022
52359
12 дақиқада ўқилади

Украина инқирози: Зеленский Байденни Киевга чақирди, ЕХҲТ ходимлари Донецкни тарк этмоқда

Фото: EPA

Украина президенти Владимир Зеленский йил бошидан буён учинчи марта телефон орқали америкаликлар етакчиси Жо Байден билан мулоқот қилди ва уни яқин кунларда Киевга келишга таклиф этди. Украиналик йўловчилар душанба кунига кўплаб авиарейслар бекор қилингани ҳақида хабар беришган - манба маълумотига кўра, бу суғурта компаниялари Украина осмонидаги парвозларни суғурталашдан воч кечгани билан боғлиқ. Бу вақтда ЕХҲТнинг Донбассдаги ходимлари ташкилот штаб-квартирасини тарк этмоқда, аввалроқ қатор давлатлар ўз фуқароларини зудлик билан Украинадан кетишга чақирганди.

Украина президенти офиси Байден билан  бир соат давом этган мулоқотида Зеленский унга қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирган ва уни Украинага келишга таклиф этган. «Ишончим комилки, сизнинг Киевга яқин вақтлар ичида ташрифингиз вазиятни барқарорлаштиришда муҳим рол ўйнаб, эскалацияни юмшатиш учун кучли сигнал бўлади», дея Зеленскийнинг сўзларини келтирган унинг сайти.

Аммо, CNN телекомпаниясининг қатор манбалари Байденнинг бундай ташрифи амалга ошишининг эҳтимоли жуда кам эканини айтган.

Оқ уйнинг Зеленский билан мулоқот ҳақидаги расмий хабарида унинг ташриф бўйича таклифи ҳақида эслаб ўтилмаган. Хабарда Байден «АҚШ Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги тарафдори эканини тасдиқлаган» ва яна бир бор Россия тажовузига қатъий жавоб қайтаришга тайёрлигини маълум қилган. «Етакчилар Украина чегараларида Россия томонидан эскалация юзага келтиришига жавобан дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлиги бўйича келишиб олдилар», дейилган хабарда.

Шанба куни Байден бир соатга яқин вақт давомида Россия президенти Владимир Путин билан ҳам гаплашган ва Украинага босқин рўй берган тақдирда «АҚШ иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан биргаликда қатъий ва тезкор жавоб қайтариб, Россияни жуда қиммат тўлов қилишга мажбурлаши»дан огоҳлантирганди.

Украина чегаралари яқинида 100 минг атрофида ҳарбий жойлаштирган Москва ҳарбий ҳужум бўйича режалари йўқлигини айтади.

Украина Вена келишуви иштирокчиларининг шошилинч йиғилишини чақиришни сўради
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба якшанба куни Россия ҳукумати Киевнинг Киев келишуви бўйича сўровига жавоб қайтармаганини маълум қилди. ЕХҲТ доирасидаги бу ҳужжат Европада хавфсизликни таъминлаш ва ҳарбий зиддиятларнинг олдини олиш учун ҳарбий маълумотлар алмашинувини назарда тутади.

Якшанба куни АҚШ Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам партиясини жўнатди. Бу сафар ҳарбий самолётлар жиплар ва «Стингер» зенит-ракета мажмуаларини келтирган.

Кулебанинг сўзларига кўра, Украина яқин 48 соат ичида «мамлакат чегаралари ва вақтинча босиб олинган Қримда РФ ҳарбийлари ҳаракатини муҳокама қилиш учун» Россия ва Вена келишувининг бошқа томонлари билан учрашишни режалаштирган. «Агар Россия ЕХҲТ маконида хавфсизлик бўлинмаслиги ҳақидаги сўзларига жиддий ёндашса, кескинликни юмшатиш ва барча иштирокчи давлатлар хавфсизлиги мустаҳкамлиги учун ҳарбий шаффофлик бўйича мажбуриятларини бажариши лозим», дея ёзган Кулеба твиттерида.

Сўнгги ойларда Россия Украина учун НАТОга кириш йўлларини ёпишни талаб қилиб, Шимолий Атлантика альянсининг шарққа томон кенгайиши, яъни бошқа давлатлар блокка қабул қилиниши ўз хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдираётганини айтиб келмоқда. Бунда Москва «хавфсизликнинг бўлинмаслиги» принципига таянади, бу тамойилга кўра мамлакатлар бошқа давлатлар хавфсизлигига зарар етказиш орқали ўз хавфсизлигини таъминлашга ҳақли эмас.

Украина 11 февраль куни Вена келишувида кўзда тутилган бўлимга кўра, хавфни камайтириш механизмини қўллаганди.

«Россия Федерациясига Украина билан чегара ҳудудларидаги ҳарбий фаолият юзасидан тушунтиришлар беришни сўраб мурожаат қилдик. Вена келишувида белгиланган тартибга кўра, Россия ҳарбий фаолият бошланган ҳудудлар ҳақида аниқ маълумотларни тақдим этиши, унинг тугаш санасидан огоҳлантириши, шунингдек, машғулот номи, ҳарбий гуруҳлар ва аскарлар сонини ошкор қилиши; жалб қилинган ҳарбий қуроллар ва техника турлари ҳақида ахборот бериши керак», деган Украина ташқи ишлар вазири ва Россиянинг ихтиёрида ушбу сўровга жавоб қайтариш учун 48 соат вақт борлигини айтганди.

Россия томони Кулебанинг баёнотига ҳозирча муносабат билдирмаган.

Украина осмонидаги хавотирлар

Украина ҳукумати якшанба куни кечқурун ўтказилган шошилинч йиғилишда халқаро авиақатновлар тўхтаб қолишининг олдини олиш учун 16,6 млрд гривна (592 млн доллар) ажратишга қарор қилди. Бунгача кўплаб украиналик йўловчилар душанба кунги рейслар бекор қилингани ҳақида хабарлар қабул қилганди. Бу халқаро суғурта компаниялари Украина осмонидаги ҳолатлар учун суғурта тўлаб беришдан бош тортгани билан боғлиқ.

DMYTRO SMOLYENKO/UKRINFORM VIA ZUMA WIRE

Украина бош вазири Денис Шмигалнинг сўзларига кўра, ажратилган маблағ «йўловчи авиаташувчилар бозоридаги вазиятни барқарорлаштиради ва айни вақтда хорижда бўлган фуқароларнинг Украинага қайтишини кафолатлайди».

Украиналик амалдорлар мамлакат ҳаво кенгликларини ёпиш режаси йўқлигини таъкидлашмоқда.

Якшанба куни Олий рада депутати, Петро Порошенконинг «Европа бирдамлиги» фракцияси вакили Алексей Гончаренко Британиядаги йирик суғурта компанияси 14 февраль куни Украина осмонидаги самолётларни суғурталашни тўхтатишини эълон қилиши ҳақида хабар берганди.

Лекин халқаро авиакомпаниялар ҳамон Украина устида учишда давом этмоқда ва одатдаги каби Киевга чипта сотмоқда.

Мамлакат ҳаво кенглиги ёпилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар шанба куни Нидерландиянинг KLM авиакомпанияси мамлакат ТИВ тавсияси билан Украинага парвозларни тўхтатиши ортидан яшин тезлигида тарқала бошлади. Айнан Нидерландия 2014 йилда Донбасс осмонида «Боинг» уриб туширилиши оқибатида энг кўп фуқаросини йўқотганди.

Бундан ташқари, якшанба куни украинларнинг SkyUp авиакомпанияси самолёти самолёт эгасининг тақиқи туфайли Украина осмонига кира олмади. Шу туфайли, Португалиянинг Мадейра оролидан Киевга учган рейс Молдова пойтахти Кишинёвдаги аэропортга қўнди. «12 февраль куни йирик халқаро суғурта компаниялари Украина авиаташувчиларини 48 соат ичида Украина осмонидаги парвозларни суғурталашни тўхтатиши ҳақида огоҳлантирди. Бу қарор ҳарбий ҳаракатлар бошланиши хавфи юқорилиги билан боғлиқ», дея хабар қилган SkyUp авиакомпанияси.

Украина инфратузилмалар вазирлиги раҳбари ўринбосари Мустафа Найем фейсбукдаги саҳифасида айрим авиаташувчиларда ахборий макон ва ҳозирги воқеалардан келиб чиққан ҳолда суғурта бозоридаги тебранишлар билан боғлиқ муаммолар юзага келганини тасдиқлади. Шу билан бирга у ҳукумат авиаташувчиларни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги ва авиабозор учун қўшимча молиявий кафолат тақдим этишни режалаштираётганини маълум қилган.

ЕХҲТ ходимлари кетмоқда
Шу кунларда Украина президенти Владимир Зеленский барчани хотиржамликни сақлашга чақириб, энг катта душман ваҳима бўлиши мумкинлигини айтганди. Лекин шу вақтгача 30дан ортиқ давлат ҳукуматлари, жумладан АҚШ ва Буюк Британия босқин хавфи туфайли ўз фуқароларини Украинани тарк этишга чақирди.

ЕХҲТ ходимлари Донецкдан кўчиб кетмоқда. REUTERS

Бу тавсияга амал қилаётганлар қаторида ЕХҲТнинг Донбассдаги миссияси ходимлари ҳам бор, улар якшанба куниёқ ҳудудни тарк этишга киришди. Ташкилот логотипи туширилган зирҳли машиналарнинг бир қанчаси тонгда юкларни ортган ҳолда Донецкдаги штаб-квартирани ташлаб кетган.

Reuters агентлиги манбаси хабар беришича, АҚШ Украинадаги барча кузатувчиларини олиб кетишга қарор қилган, Буюк Британия эса ЕХҲТ сафидаги ходимларини айирмачилар назоратидаги ҳудуддан Ғарбга, Киев назоратидаги ҳудудларга кўчиради.

Кейинроқ ЕХҲТнинг Украинадаги миссияси «ЕХҲТнинг айрим аъзолари махсус мониторинг миссиясида хизмат қилувчи фуқаролари кейинги бир неча кун ичида Украинани тарк этиши» бўйича қарор қилганини маълум қилди. «Миссия Украинанинг ўнта шаҳрида жойлашган кузатувчилари билан ЕХҲТ томонидан тасдиқланган мандатни бажаришда давом этади», дейилади хабарда.

ЕХҲтнинг махсус миссияси украиналик ҳарбийлар ва Россия томонидан қўлланувчи айирмачилар ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланиши ортидан Украина шарқига жойлаштирилганди.

2021 йил сентябрида Россия Украина билан чегарадаги «Гуково» ва «Донецк» чегара ўтказиш пунктларида ЕХҲТнинг кузатувчилар гуруҳи мандати 30 сентябрдан кейин узайтирилмаслигини маълум қилганди. Россиянинг ЕХҲТ қошидаги доимий вакили Александр Лукашевич «РФ ҳудудида ЕХҲТ кузатувчилари бўлишидан Россияга қарши ҳужумлар учун фойдаланиши»ни айтганди.

Шу тариқа, ЕХҲТ кузатувчилари штаблари айирмачилар назоратидаги ҳудудда фақат Донецк ва Горловкада қолганди.

«Уларда бостириб кириш учун ҳамма нарса бор»
АҚШнинг НАТОдаги вакили Жулиан Смит якшанба куни яна бир бор Вашингтон маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага бостириб кириши тез орада рўй бериши мумкинлигини айтди: «Қўшма Штатларда шундай тасаввур борки, ҳозирда вазият жуда хавотирли, жуда хавфли ва яқин кунлар ичида нимадир бўлишига ишончимиз комил».

Украинанинг оддий аҳолиси учун ҳарбий машғулотлар / GETTY IMAGES

«Биз уларда [Россияда] чегарада 100 мингдан ортиқ аскар борлигини кўриб турибмиз, улар Беларусга ўн минглаб қўшин ташлаган, шунингдек беҳисоб қуроллар жўнатишмоқда. Уларда босқинни бошлаш учун керак бўлган барча нарса бор ва ҳужум тез орада рўй бериши мумкин. Бизда Путин бостириб кириш бўйича қарор қабул қилгани бўйича аниқ маълумот йўқ, аммо биз иттифоқчиларимизни ҳам, Америка фуқароларини ва Украинани ҳам огоҳлантирмоқчимизки, ҳужум бир неча кун ичида бошланиши мумкин», дея қўшимча қилади у.

Кремлнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича бош маслаҳатчиси Юрий Ушаков шу кунларда «босқин мавзуси келишилган ҳолда авж олдирилаётгани ва истерия ўз чўққисига чиққани» ҳақида айтганди.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан эса CNN учун берган интервьюсида Вашингтон Россиянинг Украинага босқини бошланиши санаси бўйича аниқ маълумотга эга эмаслигини айтди. Аввалроқ Ғарбдаги қатор нашрлар Америка разведкасидаги манбаларига асосланган ҳолда, ҳужум 16 февраль куни бошланиши кутилаётгани ҳақида хабар берган, аммо  Reuters агентлигининг ҳукуматдаги манбалари бу маълумотни тасдиқламаганди.

«Аниқ санани башорат қила олмаймиз, лекин аввал айтиб ўтганимиздек, биз Россиянинг Украинадаги кенг миқёсли ҳарбий амалиётлари исталган вақтда бошланиши мумкин бўлган вақт оралиғида турибмиз», деган Салливан.

«Мюнхен келишуви шарпаси»
Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Ғарб мамлакатларининг дипломатик саъй-ҳаракатларини фашистлар Германияси билан муносабатлардаги тинчлантириш сиёсатига қиёсладии. «Ҳавода Мюнхен ҳиди анқимоқда», деган Уоллес Sunday Times газетасига Буюк Британия, Франция ва Италия Адольф Гитлер билан тузган, лекин Иккинчи жаҳон урушининг олдини ололмаган келишувга ишора қилган ҳолда.

АҚШ ва Ғарбнинг бошқа давлатлари Россия Украина билан чегарада, аннексия қилинган Қримда ва Беларусда беҳисоб миқдорда ҳарбийлар ва ҳарбий техникалар тўплаш орқали Украинага бостириб киришга тайёрланаётганини тусмол қилмоқда. Москва Украинага босқин режаси йўқлигини маълум қилиб, россиялик ҳарбийларнинг мамлакат ҳудудлари бўйлаб ҳаракатланиши ҳеч кимни безовта қилмаслиги кераклигини айтмоқда. Беларусга қўшин жойлаштирилишини Москва ва Минск 20 февраль куни якунланадиган қўшма машғулотлар билан изоҳлаган.

Ўтган ҳафтада Россия ТИВ Ғарбдаги расмийлар ва ОАВнинг «геосиёсий манфаатларда, хусусан, ўзларининг тажовузкор ҳаракатларидан эътибор чалғитишга қаратилган ёлғон маълумотларни келишилган ва оммавий равишда тарқатиш орқали Украина атрофида сунъий кескинликни авж олдириш» мақсадидаги «фитнаси» ҳақида маълум қилганди.
 

Мавзуга оид