10:25 / 19.02.2022
182776

Энди ўзингизга тегишли ерни хусусийлаштиришингиз мумкин: қандай қилиб ва қанча тўлайсиз?

Ўзбекистонда ер хусусий мулкка айланмоқда. Жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган) ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин бўлди. Бу борада тегишли қонун ва ҳукумат қарори кучга кирди.

Фото: Google Photos

Хўш, аҳоли ўзига тегишли ерларни қандай хусусийлаштиради, бу нима учун муҳим, хусусийлаштириш тўлови қанчага тушади? Kun.uz ушбу саволларга Геодезия-картография соҳасида методология бошқармаси бошлиғи Беҳзод Нишонов берган жавобларни тақдим этади.

Фуқаролар ўзларига тегишли ҳовли-уйлар (кўп қаватли уйлар бундан мустасно) жойлашган ер участкасини қандай хусусийлаштиради?

Бугунги кунгача ер участкаларини тадбиркорлик фаолияти учун бериш, яъни аукцион орқали сотиш амалиёти мавжуд эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 14 февралдаги 71-сонли қарори билан, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун асосида 3та тартиб ишлаб чиқилди:

  • Жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзларига тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби;
  • тадбиркорлик фаолияти учун ер участкаларини аукционга қўйиш;
  • якка тартибдаги уй-жойларнинг ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида сотиб олиш.

Фуқароларимизда якка тартибдаги уй-жой, юридик шахсларда эса нотурар бино-иншоотлар мавжуд. Улар ўзларига тегишли кўчмас мулкнинг ер участкасини кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали хусусийлаштириб олиши мумкин бўлади (агар бино кадастрдан ўтмаган бўлса, ерни хусусийлаштириш мумкин бўлмайди).

Беҳзод Нишонов / Фото: Kun.uz

Бугунги кунда фуқароларга тегишли уй-жойлар жойлашган ер участкалари, мерос қилиб қолдирилган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқидаги ерлар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган нотурар жой объектларининг ер участкаларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи берилар эди. Яъни бино ўзингизга тегишли бўлса ҳам, унинг ери сизга тегишли эмас эди.

Мана шу ер участкаларини хусусийлаштириш учун энди жисмоний ва юридик шахслар Давлат хизматлари марказлари (ДХМ)га ёки Ягона давлат интерактив портали (my.gov.uz) орқали ҳам мурожаат қилиши мумкин. Ариза Кадастр агентлиги ва Қурилиш бўлимларига йўналтирилади. Кадастр бўлимлари ўз навбатида ушбу ер участкаси ариза берган фуқаронинг номига расмийлаштирилганми ёки йўқми, яъни рўйхатдан ўтказилганини текширади. Ўша ер участкаси ўзгармагани, ер участкаси бугунги кунда ҳам реестрда мавжудлиги ҳақидаги маълумотларга тўлиқ мос келиши, тақиқ ва чекловлар мавжуд эмаслиги – хусусийлаштиришга монелик қилмайдиган барча томонлар текшириб чиқилади.

Иккинчи томондан, қурилиш бўлимлари ер участкаси ҳудуди шаҳарсозлик меъёрларига мос келиши, хусусийлаштириш учун мумкинлигини ўрганади. Барча текширувлардан ўтгандан кейин фуқарога тўловни амалга ошириш, яъни хусусийлаштириш ҳақида хабарнома юборилади. Хабарнома орқали хусусийлаштириш учун тўловни амалга оширади.

Ерни хусусийлаштириш учун қанча маблағ тўланади?

Барчамиз ер участкасига ер солиғи тўлаймиз. Мулкдорлар, ердан фойдаланувчилар учун хусусийлаштириш тўлови мазкур ер участкаси учун ҳисобланган ер солиғи миқдорининг 20 баробари деб белгиланган.

Масалан: агар фуқаро битта ҳовлига бир йилда 200 минг сўм солиқ тўлайдиган бўлса, (бунда мол-мулк солиғи қўшиб ҳисобланмайди, айнан ер участкасига тўланадиган солиққа нисбатан ҳисобланади), хусусийлаштириш учун 4 млн сўм тўлов амалга оширилади. Мана шу тўлов амалга оширилгандан кейин маълумотлар биллинг тизимида ҳисобга олиниб, давлат органлари томонидан ўша ер участкасига бўлган давлат ордери берилади. Мазкур ордер асосида кадастр органлари ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказади.

Ҳар бир жисмоний ва юридик шахс ўзига тегишли бўлган ер участкасини фақат ўзи сотиб олиши мумкин. Бу аукционга қўйилмайди ва бошқа одам сотиб олиши ёки бошқа одамга ўтиб кетиши мумкин эмас.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун ер участкалари эса аукцион савдолари орқали шаффоф тарзда сотиб олинади.

Ер участкасини хусусийлаштириш мутлақо ихтиёрий: лекин бундан фуқарога нима фойда?

Биринчидан, ерга бўлган мулк ҳуқуқига эга бўласиз.

Дейлик, “ҳовлимнинг бир қисмини ўғлимга ҳадя қилмоқчиман ёки кимгадир бермоқчиман, ярмини сотмоқчиман”, дейсиз. Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи ер участкасини қисмларга бўлиб сотиш имконини беради. Қанчасини кимга сотиши мулкдорнинг хоҳиши, ер – ўзиники.

Иккинчидан, ерни сиздан давлат олиб қўя олмайди, фақат сотиб олиши мумкин.

Қонунчиликда давлатга тегишли ерлар ёки бошқа шахслар фойдаланишида бўлган ерлар олиб қўйилиши назарда тутилади. Мулк ҳуқуқидан бошқа 5та ҳуқуққа тегишли бўлган ер участкалари олиб қўйилиши мумкин. Сиз ерингизга нисбатан мулк ҳуқуқини олишингиз билан (хусусийлаштириш орқали) давлат шунчаки сизга тегишли бўлган ерни олиб қўя олмайди.

Агар ер участкаси давлатга керак бўлса, сиздан бозор нархида, шартнома асосида сотиб олиши мумкин. Сиздан давлат ерингизни келишилган нархда сотиб олсагина, ер давлатга ўтади. Ер “снос”га тушиб кетмайди. Бу – мулк ҳуқуқининг кафолатланиши.

Давлатга ер керак, барибир олиб қўяди, мен сотишга рози бўлмасам ҳам, шундайми?

Ер кодексида ер бу давлат мулки деган нарса йўқ, ер – умуммиллий мулк дейилади.

Чет элда ҳам ер участкангиз 100 миллион сўм турадиган бўлса, сизга шундай таклиф бериладики, сиз унга рози бўласиз, сиз рози бўлсангиз, шартнома асосида сотиб олади.

Туркияда ҳам шундай ҳолат бўлган. Аэропорт қурилаётганда давлат бир бобонинг ерини сотиб ололмаган. Бутун лойиҳа бир неча йилга кечикиб кетган. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Сиз хоҳласангиз, ерингизни сотасиз.

Учинчидан, ерингизни эркин қўшиш, тақсимлаш ва ажратиш ҳуқуқига эга бўласиз.

Қонунчиликда шу кунгача мулк ҳуқуқи ер участкасига нисбатан бўлмаган. Ер участкаларини қўшиб юбориш, ажратиш ва қайта тақсимлаш механизмлари бор. Шу механизмлар ер участкасига мулк ҳуқуқи бўлгандагина ишлайди. Бу Ўзбекистон шароитида янги нарса бўлгани учун бунинг самараси 1-2 кунда кўринмайди. Бунинг учун маълум ҳудудда ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи кўпайса, механизмлар эффектини кўрамиз.

Оддий мисол, чет элда шунақа ҳолатлар бор, бир ҳудудда 20та ер участкаси бор, умумий нархи 1 млн доллар. Шаҳарсозлик эҳтиёжларига қараб 20та ер участкаси эгалари келишиб, ер участкасини қайта тақсимлаш ҳисобига ер нархини 3-4 баробар қимматга ошириши мумкин. Бунда умумий нарх 3-4 миллионга етади. Буни энди аҳоли тиғиз жойларда кўриш мумкин.

Тўртинчидан, ердан гаров сифатида фойдаланиш имконияти

Ерга нисбатан мулк ҳуқуқини олганингиздан кейин ундан гаров объекти сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Ерни мулк сифатида банкка гаровга қўйиб ипотека олиш имконияти ҳам юзага келади.

Қандай ерларни хусусийлаштириш мумкинлиги ва мумкин эмаслиги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунда келтириб ўтилган.

Хусусийлаштириш мумкин бўлган ерлар:                            

  • юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари;
  • хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари;
  • бўш турган ер участкалари.

Қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди:

  • фойдали қазилма конлари, қонунчиликка мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки объектлари жойлашган ер участкалари;
  • табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек ўрмон ҳамда сув фондларининг, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси объектларининг муҳофаза зоналари, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари);
  • хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;
  • қонунчиликда белгиланган тартибда махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига тақдим этилган ер участкалари – махсус иқтисодий зона фаолият кўрсатадиган даврда;
  • кўп квартирали уйлар жойлашган, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, ижтимоий шериклик тўғрисидаги келишувлар ва шартномаларни амалга ошириш учун берилган, шунингдек юридик шахсларга давлат ва жамият эҳтиёжлари учун берилган ер участкалари.

Ер участкалари қуйидаги шаклларда хусусийлаштирилади:

  • умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ерни сотиб олиш;
  • ерни электрон онлайн-аукцион орқали сотиб олиш.

Қуйидаги ҳолатларда хусусийлаштирилган ерни мулкдордан олиб қўйиш мумкин:

  • ерга ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилганда;
  • ер давлат ва жамият эҳтиёжлари учун сотиб олинганда (эгасининг ёзма розилиги билан);
  • ер мусодара қилинганда;
  • ер реквизиция қилинганда (эпидемия, табиий офат вақтида).

Хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар Давлат бюджетига йўналтирилади. Ер участкаларини хусусийлаштиришда фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган тартибда ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқи белгиланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 1 феврал куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди.

Қонун Сенатда маъқулланиб, президент томонидан имзолангач кучга киради. Ҳозирда ҳукумат қарори билан тартибга солиб келинаётган кўплаб низоли масалалар мазкур қонун кучга кирганидан кейин барҳам топишига умид билдирилмоқда.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
twitter.com/MBahadirovna

Top