Жаҳон | 18:01 / 25.02.2022
115541
8 дақиқада ўқилади

Украина: Киев қамал қилинди 

Россия армияси 25 февраль куни эрта тонгда Киевдаги турли объектларга ҳаво зарбалари бера бошлади, рус ҳарбийлари қуруқликда ҳам шаҳарга яқинлашиб келишди.

Фото: Украина миллий гвардиячилари

Киевга ҳужумлар

Жума куни тонгида Украина пойтахтида портлашлар овози эшитилди. Украина ҳукумати маълумотига кўра, Россия Киевдаги бир неча объектга ракета зарбалари йўллаган. Украина Бош штаби ракеталарнинг иккитаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали тўхтатиб қолинганини маълум қилди. Бу ракета қолдиқларидан бири аҳоли турар жой биносига тушган ва ёнғин келиб чиққан. Ҳодиса оқибатида уч киши яраланган, улардан бирининг аҳволи оғирлиги айтилган.

Украина пойтахтида ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш сигналлари янгради, аҳоли «зудлик билан яқин атрофдаги пана жойларга бекиниш»га чақирилди.

Ижтимоий тармоқларда шаҳардаги портлашлар, шунингдек ҳавода қандайдир объект портлагани акс этган видеоёзувлар тарқалди. Аввалига бу ракеталардан бири экани тахмин қилинганди, кейин Украина ҳукумати Киев осмонида россияликлар қирувчи самолёти уриб туширилганини маълум қилди. CNN журналисти Мэтью Чэнс эса ўз манбаларига асосланган ҳолда россиялик ҳарбийлар Украина самолётини уриб туширганини айтган. Қулаган самолёт аслида кимники бўлгани аниқ эмас.

Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба ҳозирги вазиятни Иккинчи жаҳон урушидаги вазиятга қиёслади. «Россияликларнинг Киевга даҳшатли ракета зарбалари. Бунақаси бизнинг пойтахтда сўнгги бор 1941 йилда, шаҳарга фашистлар Германияси ҳужум қилганида кузатилган. Украина ёвузлик устидан ғалаба қозонган ва ғалаба қозонади. Путинни тўхтатинг. Россияни изоляция қилинг. Барча алоқаларни узинг. Россияни дунёдан улоқтириб юборинг», деб ёзди у твиттерда.

Россия томони Киевга қилинган ҳужум бўйича расмий изоҳ бермаган.

Пойтахтдаги отишмалар ва россияликларнинг яқинлашуви

Авиазарбалардан бир неча соат ўтиб, УНИАН агентлиги Киевдан 10 км масофадаги Вишгородда «замбараклар гумбурлаётгани» эшитила бошлаганини маълум қилди. «Кўчаларда одамлар болалари ва юкларини олиб қочмоқда. Кимнинг имкони бўлса - автода кетмоқда», - дея ёзди агентлик.

Бундан ташқари, россияликлар зирҳли техникалари шаҳар томон ҳаракатланаётгани, украин ҳарбийлари қиёфасидаги россиялик ҳарбийлар Украина армияси техникасида Киев марказига қараб ҳаракатланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кўп ўтмай Киев шаҳри аҳолиси шаҳар четидаги Оболонь туманида отишмалар овози эшитилаётганини хабар қилди.

Кейинроқ Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр фейсбукдаги саҳифаси орқали русларнинг разведка-қўпорувчилар гуруҳи украиналик ҳарбийлар қиёфасида шаҳар марказига киришга урингани ва улар тўхтатилиб, йўқ қилингани ҳақида ёзди. Россия томони бу баёнотга изоҳ бермади.

Украина мудофаа вазирлиги ҳам Киевнинг Оболонь туманида русларнинг диверсия-разведка гуруҳи ҳаракатланганини тасдиқлади. «Фуқаролардан техника ҳаракати бўйича хабар беришларини сўраймиз. Огоҳ бўлинг! Уйингиздан чиқманг!», дейилади хабарда. Вазирлик фуқаролардан душманни зарарсизлантириш учун Молотов коктейллари тайёрлашни сўраган.

BBC корреспонденти Святослав Хоменко Оболон ҳудудида доимий портлашлар овози эшитилаётганини хабар қилган. Ижтимоий тармоқда район ҳудудида русларнинг бир неча танки ҳаракатланаётгани акс этган видео тарқалган.

Украина ИИВ раҳбари ўринбосари Антон Герашченко жума «энг оғир кун» бўлишидан огоҳлантирган. «Душманнинг режаси - танклар колоннаси билан Иванково ва Чернигов томондан Киевга ёриб кириш», дея қайд этди у.

РФ мудофаа вазирлиги баёнотлари

Россия мудофаа вазирлиги 25 февраль тонгида ҳарбий ҳаракатлар бўйича навбатдаги баёнотини эълон қилди. Унда Россия ҳарбий десанти Чернобыль АЭС ҳудуди устидан тўлиқ назорат ўрнатгани маълум қилинган - аввалроқ бу ҳудуд қўлдан кетгани ҳақида Украина ҳукумати ҳам маълум қилганди.

«Чернобил АЭСнинг украиналик қўриқчилари билан энергия блоклари ва станция саркофагини биргаликда қўриқлаш бўйича келишиб олинди. Атом электр станцияси ҳудудида радиоактив фон нормал ҳолатда. АЭС ходимлари станция объектларига нормал режимда хизмат кўрсатишни давом эттирмоқда ва радиоактив вазиятни кузатиб бормоқда», деган РФ мудофаа вазирлиги расмийси Игорь Конашенков.

РФ мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён Украина армиясининг йўқотишлари бўйича маълумотларини тақдим этган:

  • 11 ҳарбий аэродром
  • Украина қуролли кучларининг 13 та бошқарув пункти ва алоқа нуқталари
  • 14 та С-300 ва «Оса» зенит-ракета комплекслари
  • 36 радиолокация станциялари
  • 5 жанговар самолёт
  • 1 вертолёт
  • 5 учувчисиз учиш қурилмалари
  • 18 танк ва бошқа жанговар зирҳли машиналар
  • 7 та баравар ўт очиш тизимлари
  • 41 та махсус ҳарбий автомобил техникалари
  • 5 та жанговар катерлар.

Украина армияси Бош штаби бу маълумот юзасидан муносабат билдирмади.

РФ уруш бошлангандан буён фақат икки йўқотишини тан олган: Су-25 штурмовиги қулаши ва Ан-24 русумли ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокати (Воронеж яқинида қулаган, экипаж ҳалок бўлган). Бу ҳодисаларга «техник хато» сабаб қилиб кўрсатилган.

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестовичнинг сўзларига кўра, Россия томони ҳарбий ҳаракатларнинг биринчи кунида жиддий йўқотишларга учраган: «Фақат бугуннинг ўзида уларнинг йўқотишлари - етти самолёт ва етти вертолёт, 30дан ортиқ танклар, 130 дан ортиқ зирҳли машиналар. Бизнинг разведкамиз маълумотига кўра, уларнинг йўқотишлари 450 аскар ва зобитлар (биргина Гостомел яқинида камида 200 киши)».

Унинг сўзларига кўра, 20дан ортиқ россиялик аскарлар асирга тушган, уларнинг қарийб ярми энди хизматга чақирилганлар ҳисобланади.

Куннинг иккинчи ярмида Россия мудофаа вазирлиги яна бир баёнот берди, унда 25 февралга ўтар кечаси Киев яқинидаги Гостомел аэродромига десант туширилгани, аэродромни эгаллашда россияликларнинг 200дан ортиқ вертолёти иштирок этгани, Украина махсус бўлинмалари таркибидан 200дан ортиқ киши йўқ қилингани, Россия томонида йўқотиш бўлмагани айтилган.

Украина томони эса ҳарбий ҳаракатлар давомида Россия томонининг йўқотишлари мингдан ошганини маълум қилган.

Киев қамал қилинмоқда

Киевда яна огоҳлантирувчи сиреналар янграй бошлади.

РФ мудофаа вазирлиги Киев шаҳри ғарбдан тўсиб қўйилганини маълум қилмоқда.

«Айни вақтда ҳаво-десант қўшинларининг асосий кучлари Гостомель аэродромида Россия десант бўлинмалари билан бирлашиб, Киевнинг ғарбдан тўсиб қўйилишини таъминлади», деган РФ мудофаа вазирлиги расмийси.

У шунингдек, рус ҳарбийлари Киев шимолидаги Чернигов йўналишини ҳам тўсиб қўйишганини маълум қилган.

Бу вақтда Киев мэри Виталий Кличко шаҳар мудофаага ўтганини маълум қилди.

«Ҳозир айрим районларда ўқ ва портлаш овозлари янграмоқда. Украиналик ҳарбийлар россиялик қўпорувчи гуруҳларни йўқ қилмоқда. Афсуски, айрим қўпорувчи гуруҳлар, пойтахтга киришга эришди ва душман пойтахтни ҳамда сиз билан бизни йўқ қилмоқчи. Украина армияси шаҳар атрофини қўриқламоқда. Вазият мураккаб. Аммо биз қуролли кучларимизга ишонамиз. Уларни қўллаб-қувватлаймиз ва ёрдам берамиз», деган у.

У Киевни ҳимоя қилишга қодир барчани ҳарбийларга ёрдам беришга чақирди, аҳолидан сув, озиқ-овқат ва иссиқ буюмлар захирасини ҳозирлашни ҳамда уйда қолиб, кўчага чиқмасликни сўради. 

Украина қуролли кучлари Киевга кирмоқда ва шаҳар мудофаасига тайёрланмоқда. 

Киевликлардан ҳарбий техникаларни тасвирга олмаслик ва бу билан душманга ёрдам кўрсатмаслик сўралмоқда.